Урганингиз — ур оши, сўкканингиз... Раҳмоновнинг сўконғичлигига қачонгача кўз юмилади?
Жамият
−
18 Май 2021
23711Бироз аввал, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов Тошкент вилояти Оққўрғон тумани “Уста Нормат” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Алишер Икромовни турли ножўя сўзлар билан ҳақоратлаб, унга нисбатан жисмоний куч ишлатгани юзасидан расмий баёнот билан чиққан эди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 9 май куни “Уста Нормат” МФЙ раиси Алишер Икромов “Уста Нормат” маҳалласи Деҳқонобод кўчасида жойлашган ҳоким ўринбосари Бахтиёр Раҳмоновнинг ота уйига чақиртирилади. У бу ерда ўзининг хизмат вазифасига алоқадор бўлмаган, умуман бошқа бир масаланинг бажарилмагани бўйича Раҳмонов томонидан турли ножўя сўзлар билан ҳақоратланади, ҳатто, унга нисбатан жисмоний куч ишлатилади.
Айни вақтда мазкур ҳолат Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири назоратига олинган ҳамда Вазирлик Ишчи гуруҳи томонидан воқеа тафсилотлари батафсил ўрганилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, Бахтиёр Раҳмоновнинг одамларни ҳақоратлаши ва уларга нисбатан куч ишлатиши биринчи марта учраётган ҳодиса эмас. Бунга етарли далил ва асосларимиз бор.
2019 йилнинг август ойида QALAMPIR.UZ таҳририятига ўша вақтда Олмазор тумани ҳокими бўлган Бахтиёр Раҳмонов устидан шикоят келиб тушди. Шикоятда унинг мажлисларни сўкиниб ўткизиши, одамларни ҳақорат қилиши, баъзан куч ишлатиши айтилган ва асос сифатида у ўтказаётган мажлислардан биридан овозли ёзув юборилган.
Орадан кўп ўтмай мазкур аудиоёзув QALAMPIR.UZ’да эълон қилинди.
Аудиоёзувда ҳоким Бахтиёр Раҳмонов йиғилиш иштирокчиларига қайта-қайта сўкиб мурожаат қилаётгани, уларни ҳақоратлаётгани, қаматиш, ишдан бўшатиш билан таҳдид қилаётганини тинглаш мумкин.
QALAMPIR.UZ манбасининг маълум қилишича, ушбу йиғилишда туманда жойлашган банклар – “Davr Bank” ХАТБ, “Asia Alliance Bank” АТБ, “Hamkorbank”, ТИФ Миллий Банк, “Ipak Yo'li” АИТБ, “Халқ банк”, “Саноатқурилишбанк” АТБ, “Ipoteka” АТБ, “Асака банк”нинг туман филиаллари раҳбарлари ва ходимлари иштирок этган. Ҳоким йиғилишда туманда экспортни ошириш, экспортёрлар билан ишлаш бўйича ўдағайлаб банк ходимларига мурожаат қилган.
“Йиғилишда аёллар ҳам бор эди. Улар ҳокимнинг бундай сўконғичлигига ўрганиб кетишган. Банк раҳбарларини ишдан бўшатиш, аризасини олиш билан огоҳлантирди. Туман экспорт салоҳияти билан орқада қолаётганидан жиғибийрон бўлган Бахтиёр Раҳмонов банк раҳбарларига зудлик билан экспортни ошириш талабини қўйди. Банк ходимлари тадбиркор бўлмаса, экспортни қандай оширсин?”, деган эди йиғилишда иштирок этганлардан бири QALAMPIR.UZ мухбири билан суҳбатда.
Шундан сўнг Раҳмоновнинг бошқа хурмача қилиқлари хусусида ҳам маълумотлар олдик. QALAMPIR.UZ’га етиб келган хабарларга кўра, у Олмазор тумани “Сувсоз” раҳбарини маҳаллаларда бирида йўл четига уйиб қўйилган тупроқ устига чўккалаб ўтиришга, мактабгача таълим муассасаси мудирасини эса оёқяланг бўлиб юришга мажбур қилган. Албатта, бундай “издевательство”лар ҳақоратларсиз бўлмаган. Ўша вақтда QALAMPIR.UZ’да буларни исботлаб берувчи далиллар, “Сувсоз” раҳбари ва боғча мудираси билан аудиосуҳбат бўлган, бироқ икки тарафнинг оиласи шаъни, қуда-андалар ўртасидаги мақвеи юзасидан илтимослари назарда тутилган ҳолда эълон қилинмаган.
2019 йилдаги далиллар бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилганимизда, Бахтиёр Раҳмоновнинг сўкишлари устидан тафтиш ўтказиш шаҳар ҳокимининг ягона аёл ўринбосари Дилбар Нажмутдиновага топширилганди ва хоним Нажмутдинова айбловларни рад этган.
Кейинроқ, QALAMPIR.UZ мухбири Феруза Нажмиддинова Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва Сенат раиси Танзила Норбоева билан ҳолат бўйича мулоқот қилганди. Ўшанда Норбоева QALAMPIR.UZ “поступка”ларини нотўғри деб айтганди. Ортиқхўжаев эса аудиодаги овоз Бахтиёр Раҳмоновники эканига шубҳа билдириб, Ҳожибой Тожибоевнинг овозини ўхшатиб бера оладиганларни топиб бериши мумкинлигини айтганди.
Хўш, навбатдаги ҳолатда кўп йиллик фаолияти давомида сўконғичлик ва одамлар билан мулоқотда қўполликда айбланиб келган Раҳмоновга вазирликнинг тиши ўтармикин? Ё пойтахт ҳокими ўринбосарининг вилоятда ҳам кўланкаси майдонми? Кузатамиз.
LiveБарчаси