Ҳокимлар айрим ваколатларидан маҳрум бўлди
Жамият
−
09 Июль 2020
28984Ҳокимликларнинг лицензиялаш ва рухсат беришга оид бир қанча ваколатлари бошқа давлат органларига ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ:
• Чет тилларни ўрганиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш фаолиятини лицензиялаш – Халқ таълими вазирлиги ва вилоят халқ таълими бошқармаларига;
• Дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилишни лицензиялаш – Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг ҳудудий бўлинмаларига;
• Риэлторлик фаолиятини лицензиялаш – Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий бошқармаларига;
• Алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилишга рухсат этувчи махсус гувоҳномалар бериш – туман (шаҳар) солиқ инспекцияларига.
Айрим идоралараро коллегиал органлар тугатилди ёки ваколатлари бошқа давлат органига ўтказилди.
Жумладан,
• қишлоқ аҳоли пунктларини ичимлик суви ва табиий газ билан таъминлаш дастурини амалга ошириш бўйича Республика комиссияси тугатилди;
• хорижий тилларни ўрганишни янада ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш ваколатлари – Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Халқ таълими вазирликларига;
• Ўзбекистон миллий автомагистрали бўйлаб йўл инфратузилмаси ва сервиси объектларининг жойлаштирилишини кўриб чиқиш ва келишиш Комиссияси ваколатлари – Транспорт вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига;
• маҳаллий ноозиқ-овқат истеъмол товарлари кўргазмалари ва ярмаркаларини ўтказиш бўйича ташкилий қўмитанинг ваколатлари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига ўтказилди.