Ҳокимга “можна”ми? Олий суд мактаб директорининг қамалиши ва озод этилишига изоҳ берди

3-саҳифа

image

Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги 28-мактабнинг директори Т.У. вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов иштирокида ўтказилган мажлисда, у билан жанжаллашгандан сўнг қамалган эди. Кейинчалик Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ҳолатга муносабат билдириб, Т.У. маъмурий қамоқ жазосидан озод қилинганини ва ҳолат шахсан унинг назорати остида эканини маълум қилганди. Бугун, 4 август куни Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов воқеалар қандай кечганига изоҳ берди.

Айтилишича, жиноят ишлари бўйича Узун туман судининг 2023 йил 26 июлдаги қарори билан Т.У. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган, деб топилиб, унга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддаси (бир неча ҳуқубузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўллаш) 2-қисмига асосан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 28 июлдаги қарорига мувофиқ Т.У. га нисбатан жиноят ишлари бўйича Узун туман суди томонидан 2023 йил 26 июлда чиқарилган қарор ўзгаришсиз қолдирилган.

1 августда эса Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанцияси ажрим чиқарган ва унга кўра Т.У. га нисбатан биринчи ва апелляция инстанция судлари чиқарган қарорлари ўзгартирилиб, унга 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган ва мактаб директори белгиланган жазони ўтаганидан сўнг озодликка чиқарилган.

Аммо Олий суд баёнотида мактаб директорининг айнан қайси хатти-ҳаракати "майда безорилик" сифатида баҳоланганига изоҳ бермаган. Афтидан бунга Т.У. вилоят ҳокими Улуғбек Қосимовга гап қайтаргани сабаб бўлган. Ҳокимнинг мактаб директорига қилган қўпол муомаласи ҳақида эса лом-мим дейилмаган.

Шунингдек, мажлисда иштирок этаётган мактаб директорини мажбуран олиб чиқиб кетиш ҳолатининг "ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик", деб баҳоланиши қай даражада тўғри, бу ҳам ноаниқ. 

Эслатиб ўтамиз, кеча, 3 август куни вазир Ҳилола Умарова Т.У. билан телефон орқали гаплашиб, ундан ҳол-аҳвол сўраганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурхондарё мактаб директори Улуғбек Қосимов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг