“Милтиқ бўлса, отиб ташланг”. Сурхондарёда мактаб директори вилоят ҳокими билан жанжаллашди (видео)
3-саҳифа
−
03 Август 2023
31494Бугун, 3 август куни ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Сариоисиё туманидаги 28-мактабнинг директори вилоят ҳокими билан жанжаллашгани акс этган видео тарқалди.
Видеода вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов директорни ўрнидан турғазиб, уни “мактабдаги муҳитни бузганлик”да, “вилоятни бутун дунёга шарманда қилганлик”да айблаган.
Бунга жавобан, директор Т.У. ўзига нисбатан айтилган айбловларни рад этиб, “милтиқ бўлса, отиб ташланг”, дея эътироз билдирган.
“Менинг нима айбим борки, ишдан оляпсиз? Муҳитни буздинг, дейсиз нима муҳитни буздим мен? Мактабнинг томорқасигача сотиб юборишяпти, индамайсиз. Аҳволни ўрганадиган одам йўқ, ҳаммасининг тили бир. Ўзи 20 февралда ишга келган бўлсам, нима қилибман мен?” деган мактаб директори.
Шундан сўнг вилоят ҳокими унинг эътирозларига қарши чиқиб, директорнинг бундай гапиришга “ҳаққи йўқлигини” уқтирган.
“Нима учун ҳаққим йўқ экан? Милтиқ бўлса, отиб ташланг мени. Аввал бориб кўринг, мактабнинг нима муаммоси борлигини билинг. Буларнинг ҳаммасининг тили бир, мени судланган деняпти. Қачон судландим мен?
Жаноб вилоят ҳокими, милтиқни олингда, мени отиб ташланг. Сизга тўғри маълумот киритадиган одамнинг ўзи йўқ экан ёнингизда. Ҳақиқатни энди мен айтаман, шу ерда охиригача ўтираман ва ҳамма гапни эшитаман. Вилоят ҳокимига тўғри маълумот киритиш керак эди” дея ўз эътирозини билдиришда давом этган мактаб директори.
Аммо уни ички ишлар органи ходимлари мажлисдан мажбуран олиб чиқиб кетган.
Жанжал шу билан тугумай, орган ходимлари ҳатто унинг сумкасини текширмоқчи ҳам бўлган.
Селектордан сўнг эса Т.У ҳибсга олинган ва унинг мактабга директорлик қилган даврини қайта текширувдан ўтказиш бошланган.
Маълумотларга кўра, ушбу можаронинг асл илдизи 2021 йилги воқеаларга бориб тақалади. Ўшанда Сариосиё туманидаги 28-мактабнинг бир гуруҳ ўқитувчилари мактаб директори Т.У. ўқитувчиларга зуғум ўтказиб, уларнинг дарс соатларини қисқартириб юборгани ҳамда малакали кадрларни ишдан бўшатганини айтиб, республика раҳбариятига мурожаатлар йўллаган. Ўқитувчилар маҳаллий интернет нашрларидан бирини мактабга таклиф қилиб, ундан ҳолатни ўрганишни сўраган. Т.У. мактабга борган журналистларни ҳайдаб чиқариб, уларнинг камерасини синдириб ташлаган. Ушбу ҳолат жамоатчилик ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлганидан сўнг Т.У. га нисбатан ўз лавозим мажбуриятларига совуққонлик билан ёндашиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашда ижро интизомини ва одоб-ахлоқ қоидаларини бузганлиги учун ҳайфсан чораси қўлланган. 2021 йилнинг 10 декабрида эса у ишдан бўшатилган. Бироқ, 2022 йил 10 февраль куни унинг ишдан олиниши ноқонуний бўлган, деган хулосага келиниб, мактаб директорлигига қайта тайинланган.
Бугун тарқалган видеодаги ҳолатда ҳоким Улуғбек Қосимов “бутун дунёга шарманда қилдингиз” деганда айнан шу воқеаларни назарда тутган бўлиши мумкин.
Вазиятга Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ҳам муносабат билдириб, Т.У. маъмурий қамоқ жазосидан озод қилинганини ва ҳолат шахсан унинг назорати остида эканини маълум қилган.
“Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги 28-мактаб директори билан боғлиқ вазиятни шахсан ўз назоратимга олдим. Мактаб директори айни дамда маъмурий қамоқ жазосидан озод этилди. Шу ўринда таълим соҳасида фаолият юритаётган ҳар бир шахс ўз муомала маданияти билан барчага ўрнак бўлиши лозимлигини эслатиб ўтмоқчиман”, деб ёзади у ўзининг Telegram-каналида.
LiveБарчаси