Ҳиндистон Ўзбекистоннинг таълим соҳаси учун 448 млн доллар ажратади
Жамият
−
13 Декабрь 2021
4249Ҳиндистон Эксимбанки Ўзбекистонда инфратузилмавий ривожланиш ва таълим соҳаларида устувор лойиҳаларни амалга оширишни молиялаштириш учун 448 млн доллар миқдорида маблағ ажратилади. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Ҳиндистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Маниш Прабхат билан учрашган.
Учрашувда томонлар 2022 йилнинг биринчи чорагида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси ва Ҳиндистон Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 13-йиғилишига тайёргарлик кўриш масалаларини, хусусан, тадбирни амалий мазмун билан тўлдиришни муҳокама қилган.
“Мулоқотда молиявий-техник ҳамкорлик соҳасига ҳам тўхталиб ўтилди. Жумладан, томонлар Ҳиндистон Эксимбанки томонидан Ўзбекистонда инфратузилмавий ривожланиш ва таълим соҳаларида устувор лойиҳаларни амалга оширишни молиялаштириш учун 448 млн доллар миқдорида маблағлар ажратилишини олқишлаб, ушбу лойиҳаларни амалга жорий этиш борасида биргаликда ишлашга келишиб олдилар”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Ҳиндистоннинг грант маблағларини жалб қилиш ҳисобига амалга оширилиши режалаштирилаётган IT, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида ижтимоий йўналтирилган янги истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича ишларни жадаллаштиришга келишилган.
Шунингдек, Ҳиндистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси ва Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ўртасида “Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология марказида янги метрологик лабораторияни ташкил қилиш ва жиҳозлаш” ҳамда “Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятидаги умумтаълим мактабларини компьютер техникаси билан жиҳозлаш” лойиҳаларини амалга ошириш учун грант маблағларини ажратиш бўйича Ўзаро англашув меморандумлари имзоланди.
LiveБарчаси