Ҳиндистон маймунчечакка қарши вакцина ишлаб чиқмоқчи

Олам

image

Ҳиндистоннинг энг йирик вакцина ишлаб чиқарувчиси Serum Institute of India (SII) маймунчечакка қарши вакцина лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда “The Economic Times” хабар берди.

Газетага кўра, вакцина 2024 йилнинг охиригача яратилиши мумкин.

“М-pох эпидемияси туфайли эълон қилинган фавқулодда ҳолатни ҳисобга олган ҳолда, биз ушбу касалликка қарши вакцина яратиш устида ишламоқдамиз. Умид қиламизки, жорий йил охиригача ижобий натижага эришилади”, деган институт директори Адар Пунавалла.

Пунадаги Миллий вирусология институти Ҳиндистонда 2022 йилда маймунчечак билан касалланган 30 та ҳолат қайд этилган М-pох намуналарини ўрганиш бўйича мамлакатдаги етакчи тиббий муассасага айланган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2022 йилнинг июль ойида маймунчечак эпидемиясини халқаро ташвишга соладиган фавқулодда ҳолат деб эълон қилган эди. Ҳиндистонда М-pох инфекциясининг охирги ҳолати 2024 йил март ойида аниқланган. Мамлакат Бош вазири Нарендра Моди ҳукумати маълумотларига кўра, ҳозирда Ҳиндистонда маймунчечак билан касалланиш ҳолатлари қайд этилмаган.

Маълумот учун, маймунчечак кам учрайдиган вирусли касаллик бўлиб, унинг белгилари иситма, интоксикация, катталашган лимфа тугунлари ва доғлар кўринишида бўлади. Юқумли касаллик ўз-ўзидан тикланиш билан 2-4 ҳафта давом этади, аммо ўлим билан касалликнинг оғир ҳолатлари юзага келади. Вируснинг иккита штамми мавжуд: Clade I вa Clade II. Биринчи штамм билан зарарланган ҳар 10 кишидан 1 нафари вафот этади. 2022–2023 йиллардаги эпидемия Clade II томонидан қўзғатилган бўлиб, у билан касалланган беморларнинг 99 фоизи омон қолади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Швеция ҳукумати мамлакатда маймунчечак касаллиги (М-pох) қайд этилганини маълум қилганди. 2023 йил охирида янги эпидемия бошланганидан бери бу вирус Африкадан ташқарида биринчи марта айнан ушбу мамлакатда аниқланган. Расмийларнинг тушунтиришича, бемор касалликни Африкага сафари пайтида юқтирган. Шунингдек, Покистонда ҳам ушбу вирус билан касалланганлар аниқланди. ЖССТ эса маймунчечак вируси сабабли глобал фавқулодда ҳолат эълон қилди. Ташкилотнинг билдиришича, маймунчечак (М-pох) янги ёки эски штамми бўлишидан қатъи назар, янги СОVID эмас. Бундан ташқари, Филиппин ва Таиландда ҳам ушбу вирус аниқланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳиндистон вакцина маймунчечак

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг