Ҳиндистонда поезд 12 кишини босиб кетди
Олам
−
14:03
2473Ҳиндистоннинг ғарбий қисмидаги Махараштра штатида поездда ёнғин чиққани ҳақидаги миш-миш ортидан баъзи йўловчилар вагондан сакраб тушди ва уларни ёнма-ён ҳаракатланаётган бошқа поезд босиб кетди. Ҳодиса оқибатида 12 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда маҳаллий маъмуриятга таяниб, “Hindustan Times” хабар берди.
Қайд этилишича, ҳодиса Мумбайдан 400 километр узоқликда содир бўлган.
“Дастлабки маълумотларга кўра, Pushpak Express поездининг бир вагонида учқунлар пайдо бўлган ва йўловчилар ваҳимага тушган. Улар фавқулодда тўхташ занжирини тортишган ва айримлари рельсга сакраб тушган. Шу вақтда қўшни йўлакдан Karnataka Express ўтаётган эди”, дейилади хабарда.
Воқеа жойига фавқулодда ёрдам поезди юборилган. Жалгаон полиция вакили Маҳешвар Реддйга кўра, поезд ғилдираклари остида 12 киши ҳалок бўлган, яна бир неча киши жароҳатланган.
“Барча туман ҳокимликлари темирйўл маъмурияти билан ҳамкорликда ишламоқда ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилмоқда. Саккизта тез ёрдам машинаси юборилди”, деди Махараштра штати бош вазири Девендра Фаднавис.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франциянинг Страсбург шаҳри марказий станциясида икки трамвай тўқнашиб кетиши оқибатида камида 30 киши жароҳат олганди.