Озарбайжонда ҳам маймунчечак билан касалланиш ҳолати аниқланди
Олам
−
18 Январь
600Озарбайжонда маймунчечак вируси билан касалланишнинг биринчи ҳолати аниқланди. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Вазирлик ва Тиббиёт ҳудудий бирликларини бошқариш уюшмасининг қўшма баёнотида айтилишича, 22 ёшли Озарбайжон фуқароси шу йилнинг 2 январидан 11 январига қадар чет элда сайёҳлик сафарида бўлган. Қайтганидан бир неча кун ўтгач, у Бакудаги клиникалардан бирига ҳолсизлик, иситма, тана аъзоларда пуфакчали тошмалар, лимфа тугунларининг шишиши ва мушаклардаги оғриқ шикоятлари билан борган.
“Шифокорлар бемор сафар давомида тошмаси бўлган одам билан алоқада бўлганини аниқлади. Аломатларнинг мавжудлиги лаборатория таҳлили учун асос бўлди. Таҳлил натижалари маймунчечак вируси мавжудлигини тасдиқлади”, дейилади баёнотда.
Маълумотларга кўра, бемор ҳозирда шифохонага ётқизилиб, стационар шароитда даволанмоқда. Бемор билан алоқада бўлган оила аъзоларида касаллик белгилари йўқ. Улар ҳудудий амбулатория тиббий хизмати ва санитария-эпидемиология хизмати томонидан ташкил этилган уйда кузатувда қолмоқда.
“Уларга профилактика муолажалари кўрсатилди ва зарур дори-дармонлар билан таъминланди”, дейилади қўшма баёнотда.
Маълумот учун, маймунчечек – марказий ва ғарбий Африканинг чекка ҳудудларида кенг тарқалган кам учрайдиган юқумли касаллик. Унинг белгилари кўнгил айниши, иситма, тошма, қичишиш ва мушак оғриғидан иборат.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германияда Mpox вирусининг Ib штамми билан касалланиш ҳолатлари аниқланganди. Германиянинг Кёльн шаҳри яқинида жойлашган мактабда икки ўқувчидан ушбу вирус аниқланган. Шу сабаб мактаб карантинга олинган. Бу икки бола билан бирга оиланинг яна икки аъзоси ҳам Mpox вирусининг Ib штаммига чалинган. Тахминларга кўра, касалланган ўқувчининг оила аъзоларидан бири Африкага сафар қилганида касалликни юқтириб олган ва тарқатган. Ҳозирда тўрт кишининг барчаси карантинда сақланмоқда.
LiveБарчаси