Ҳиндистон “Док-1 Макс” ишлаб чиқарувчисининг лицензиясини тўхтатди
Жамият
−
10 Январь 2023
4772Ҳиндистон Ўзбекистонда 20 нафар бола ўлимига алоқадор бўлган “Marion Biotech” компаниясининг лицензиясини тўхтатди. Бу ҳақда “Moneycontrol” нашри хабар берди.
Лицензия Уттар-Прадеш Озиқ-овқат хавфсизлиги ва дори воситаларини бошқариш департаменти томонидан тўхтатилган.
“Биз “Marion Biotech” компаниясининг дори ишлаб чиқариш лицензиясини тўхтатиб қўйдик. Компания Ноида шаҳрида жойлашган заводдаги ишлаб чиқариш қоидабузарликлари сабаблари тўғрисида биз томондан эълон қилинган огоҳлантиришга жавоб бермади”, дейди департамент ходими нашрга.
Расмийнинг сўзларига кўра, “Marion Biotech” асосчилари Ноида заводида ҳар хил турдаги дори-дармонларни ишлаб чиқариш учун иккита лицензияга эга бўлган.
“Компания биологик ва биологик бўлмаган дори воситаларини ишлаб чиқариш учун иккита турдаги лицензияга эга эди ва иккаласи ҳам кейинги огоҳлантиришгача тўхтатиб қўйилган”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг 2022 йилнинг 22 декабрдаги буйруғи билан “Док-1 Макс” дори воситаларини дорихоналардан қайтариб олиш белгиланган эди.
Шунингдек, Самарқандда “Док-1 Макс” сиропини истеъмол қилиш оқибатида 18 нафар боланинг вафот этиши ортидан 7 нафар масъул ходим лавозимидан озод этилгани хабар қилинганди.
28 декабрь куни Қашқадарёда “Док-1 Макс” сиропини ичиб яна бир бола ҳаётдан кўз юмгани эълон қилинди. Наманганда хаи “Док-1 Макс” дорисини қабул қилган бола вафот этди. Ҳозирда ушбу доридан вафот этган болалар сони 20 тага етди.
Шундан сўнг Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан “Quramax medikal” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар ДХХ Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилганди.
Кейинроқ Ҳиндистоннинг “Marion Biotech Pvt. Ltd” компанияси ушбу дориларни ишлаб чиқаришни тўхтатгани маълум қилинди. Шунингдек, мазкур комания томонидан ишлаб чиқарилган барча турдаги дори воситаларининг савдоси ҳам тўхтатилди.
2023 йил 2 январь куни Фарғонада 3 яшар бола “Док-1 Макс” сиропини ичиши оқибатида доридан ўткир заҳарланиш ташхиси билан даволанаётгани маълум қилинди. Сирдарё вилоятида ҳам “Док-1 Макс” сиропидан 7 бемор заҳарлангани, уларнинг 4 нафари соғайгани ва 3 нафари айни вақтда жонлантириш бўлимида экани ҳақида хабар берилганди.
Аввалроқ, “Док-1 Макс” таркибида меъёрдан 300 баравар ортиқ заҳарли модда борлиги аниқланди. Бундан ташқари, Тошкент вилоятида 9 нафар бола “Док-1 Макс”дан заҳарлангани ҳақида хабар берилди.
LiveБарчаси