Ҳар бир вазир ва ҳоким камида 10 млрд сўмлик венчур жамғарма ташкил этади

Жамият

image

Ўзбекистонда инновацион стартапларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар бир вазир, тармоқ раҳбари ва ҳоким камида 10 миллиард сўмлик венчур жамғарма ташкил этади. Бу ҳақда бугун, 30 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашувда маълум қилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон 2030 йилга қадар иқтисодиёт ҳажмини 240 миллиард доллардан оширишни режалаштирган. Бунга эришиш учун барча соҳаларга янги ғояларни олиб кирадиган инновацион стартапларни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.

“Биз 2030 йилгача иқтисодиёт ҳажмини 240 миллиард доллардан оширишни режа қилганмиз. Бунга эришиш учун барча соҳаларга янги ғоя олиб кирадиган инновацион стартаплар керак”, дейди Президент Шавкат Мирзиёев.

Билдирилишича, сўнгги тўққиз йилда Ўзбекистонда стартап экотизими 15 баробар ўсиб, қиймати 4 миллиард доллардан ошган. Венчур жамғармалар сони 23 тага, уларнинг умумий капитали эса 200 миллион долларга етган. Шу даврда 1 минг 200 дан ортиқ истиқболли стартап лойиҳаси йўлга қўйилган бўлиб, мазкур соҳада 3 мингдан зиёд ёш юқори даромад топмоқда.

Шунингдек, “Глобал стартап индекси”да Ўзбекистон 31 поғонага кўтарилиб, дунёда энг тез ривожланаётган стартап экотизими ҳамда “2026 йил мамлакати” деб эътироф этилгани таъкидланган.

Президент эндиликда ҳар бир вазир, тармоқ раҳбари ва ҳоким “1 мингта масалага – ёшлардан 1 мингта ечим” лойиҳасини йўлга қўйишини маълум қилган. Унга кўра, раҳбарлар ўз тизимидаги долзарб муаммоларни очиқ платформага жойлаштириб, энг яхши ечимлар учун мукофот эълон қилади.

Ҳар бир вазир ва ҳоким ташкил этадиган венчур жамғармалари маблағлари ғолибларни тақдирлаш ҳамда 20 тадан энг яхши стартапни ғоядан амалиётгача бўлган барча босқичларда молиялаштиришга йўналтирилади.

Бундан ташқари, Ёшлар агентлиги бизнес, ахборот технологиялари ва креатив иқтисодиёт йўналишидаги энг яхши 100 та лойиҳани саралаб олиб, уларнинг ҳар бирига 1 миллиард сўмгача инвестиция киритиши маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ хорижнинг нуфузли олийгоҳларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларни маҳаллий иш берувчилар билан боғлайдиган рақамли мулоқот платформаси бир ой ичида ишга туширилиши ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг