Хориждаги талабаларни иш берувчилар билан боғловчи платформа ишга туширилади
Жамият
−
14:56 740 1 дақиқа
Хорижнинг нуфузли олийгоҳларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларни маҳаллий иш берувчилар билан боғлайдиган рақамли мулоқот платформаси бир ой ичида ишга туширилади. Бу ҳақда бугун, 30 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашувда маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳозирда 14 мингдан ортиқ ўзбекистонлик йигит-қиз АҚШ, Европа, Япония, Хитой ва Жанубий Кореянинг етакчи олий таълим муассасаларида таҳсил олмоқда.
Янги платформа орқали хорижда ўқиётган талабалар таътил даврида Ўзбекистондаги вазирликлар, ҳокимликлар, давлат ташкилотлари ҳамда хусусий компанияларда амалиёт ва стажировка ўташ имкониятига эга бўлади.
Шунингдек, Президент “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳисобидан ҳар йили қарийб 700 нафар иқтидорли ёш дунёнинг энг нуфузли олийгоҳларига ўқишга юборилаётганини қайд этган.
“Биз ислоҳотларимизнинг илк босқичида иқтидорли ёшларимизни асосан давлат ташкилотларида ишлаб бериш шарти билан чет элда ўқишга юбордик. Хусусий секторда ҳам бундай кадрларга эҳтиёж кундан-кунга ортиб бормоқда. Энди ёшларимиз хусусий сектор буюртмаси асосида ҳам “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали нуфузли хорижий олийгоҳларда ўқиши мумкин бўлади”, дейди Президент Шавкат Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ёшларга махсус балл бериладиган “Ўзбекистон ёшлар лигаси” платформаси ишга туширилиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси