SAFE Service’дан маълумотлар сиздирилганми? Текширув бошланди
Local
−
12:04 353 1 minute
SAFE Service (аввалги Safe Road) платформасига алоқадор фуқароларнинг шахсий маълумотлари тарқалгани ҳақидаги хабарлар юзасидан текширув бошланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Давлат хавфсизлик хизмати ҳузуридаги Киберхавфсизлик маркази, Ички ишлар вазирлиги ҳамда “AUTODOC” МЧЖ масъуллари ҳамкорликда ҳолатни ўрганмоқда.
Ўрганиш давомида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларнинг ҳаққонийлиги, ошкор бўлгани айтилаётган маълумотларнинг келиб чиқиш манбалари ва тарқалиш ҳолатлари текширилмоқда.
Шунингдек, SAFE Service платформаси ҳамда бошқа тегишли ахборот тизимлари ва электрон платформаларда шахсга доир маълумотлар сизиб чиққан ёки чиқмаганига аниқлик киритилмоқда.
Қайд этилишича, SAFE Service платформаси аввал “Safe Road” номи билан фаолият юритган. Уни “AUTODOC” МЧЖ ишлаб чиққан ва операторлик қилади.
Ўрганиш ишлари якунлангач, аниқланган ҳолатлар, шунингдек, тарқалган хабарлар тасдиқланмаган тақдирда, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва манбалари юзасидан қўшимча расмий ахборот берилиши билдирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий тармоқларда Safe Road иловаси фойдаланувчиларининг шахсий маълумотлари тарқалиб кетгани ва Telegram’даги OSINT ботларида сотувга чиқарилгани ҳақидаги хабарлар тарқалганди. Компания эса бу иддаоларга жавобан расмий муносабат билдириб, маълумотлар тарқалиб кетганини рад этди.
Live
All27 October