ҲАМАСнинг ҳужуми оқибатида уч нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди – Исроил ТИВ
Олам
−
16 Октябрь 2023
12602Исроилдаги қуролли тўқнашувлар оқибатида уч нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди, тўрт нафари бедарак йўқолди. Бу ҳақда Исроил ТИВ маълум қилди.
Қайд этилишича, 15 октябрь ҳолатига кўра, Исроилда 148 нафар хориж фуқароси ҳалок бўлган, 143 нафари бедарак йўқолган.
Мазкур вазиятга аниқлик киритиш мақсадида QALAMPIR.UZ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги билан боғланди. Бизга маълум қилинишича, Исроилдаги Ўзбекистон элчихонасига фуқаролар ҳалок бўлгани ҳақида ҳеч қандай маълумот келиб тушмаган. Билдирилишича, элчихона ходимлари ҳозирда Исроил ТИВ ва тегишли идоралари билан биргаликда вазиятга ойдинлик киритишга ҳаракат қилмоқда. Исроил ҳукуматига тегишли сўровлар юборилган ва элчихона ҳукумат вакилларидан жавоб кутяпти.
Исроил-Фаластин можароси
Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошланганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. 9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди.
Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди. Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.
Венесуэла Президенти Николас Мадуро эса Исроилни Фаластин халқини қирғин қилишда айблаб, зудлик билан тинчлик музокараларини бошлаш ва Фаластиннинг ҳудудий ҳуқуқларини кафолатловчи БМТ резолюцияларини амалга оширишга чақирди. Россия Президенти Владимир Путин ҳам мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, у Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашувларни АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг яққол мисоли деб атади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Яқин Шарқдаги бу можародан Россия манфаатдорлигини таъкидлади.
Сўнгги маълумотларга кўра, қуролли тўқнашувлар оқибатида Ғазода 2750 киши ҳалок бўлган, 9700 киши жароҳатланган. Ғарбий соҳилда эса 58 одам ўлган, 1250 киши яраланган. Исроил томонидан қурбон бўлганлар сони 1,3 минг кишини ташкил этади. 351 нафар одам эса шифохонага жойлаштирилган.