ҲАМАС келишувнинг биринчи босқичини якунлади
Олам
−
22 Февраль 2025 2192 1 дақиқа
Бугун, 22 февраль куни Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва маҳбусларни алмашиш келишуви доирасида топшириши керак бўлган 6 нафар исроилликнинг энг охиргисини ҳам Халқаро Қизил Хоч қўмитасига топширди. Бу ҳақда Исроил Мудофаа кучлари хабар берди.
Шундай қилиб, ҲАМАС ҳаракати 22 февраль куни 6 нафар исроиллик гаровга олинганни озод қилиши керак эди. Гуруҳ келишув доирасида Рафаҳда икки ва Нусейрат қочқинлар лагерида уч кишини озод қилганди. Энг сўнгида эса Ҳишом ал-Саййид Нусейрат лагеридан озод этилди. Унинг озод этилишига ҳеч қандай тайёргарлик кўрилмаган.
Маълум қилинишича, бугун озод этилганлар 19 январдан кучга кирган сулҳ битимининг биринчи босқичида ҲАМАС озод қилишга ваъда берган 33 кишидан сўнгги тирик гаровга олинганлар саналади. Гуруҳ асирлигида ҳамон 60 га яқин одам бор. ҲАМАС битимнинг иккинчи босқичида қолган гаровга олинганларни озод қилишга ваъда берган. Қолаверса, Исроил ҳам 602 нафар фаластинлик маҳбусни қамоқдан озод қилиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 21 февраль куни Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати исроиллик гаровга олинган Шири Бибаснинг жасадини Халқаро Қизил Хоч қўмитасига топширганди.