ҲАМАС Исроилга ракета ҳужуми уюштирди
Олам
−
10 Май 2021
6409Бугун, 10 май куни Ғазо секторидан 45 та ракетанинг учирилиши Исроил босиб олган Қуддус ҳамда Бейт-Шемеш ва мамлакатнинг яна бир неча шаҳарларида сиреналарни ишга туширди. Бу ҳақда “РИА Новости” ёзмоқда.
Маълум қилинишича, Исроилга қарата учирилган ракеталарнинг кўпчилиги “Темир гумбаз” номли ракета ҳужумига қарши мудофаа тизими томонидан бартараф қилинган. Шундай бўлса-да, улардан бири аҳоли турар жойига келиб тушган. Мамлакат парламенти эса эвакуация қилинган.
Россиянинг “Первый канал” журналисти Владимир Познернинг таъкидлашича, Исроилдаги ҳар бир кўп қаватли уйнинг пастки қисмида шундай ҳужумлар пайтида аҳолининг яшириниши учун мўлжалланган “бункер” ерости қаватлари бор.
Кейинроқ маълум бўлишича, Ғазо секторини назорат қилувчи Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Исроилга учирилган ракета ҳужумлари учун жавобгарликни ўз зиммасига олган.
Хабарга кўра, ҲАМАС ҳаракати ракета билан ўққа тутишдан олдин Исроилни огоҳлантирган: Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди ва Шайх Жарроҳ маҳалласидан аскарларни олиб чиқиб кетиш учун маҳаллий вақт билан соат 18:00 гача вақт берган.
Эслатиб ўтамиз, 7 май – Рамазон ойининг охирги Жума куни, Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди атрофида тартибсизликлар бошланди. Бунга Исроил полицияси томонидан одамлар таровеҳ намозини ўқиётган ушбу масжидга ҳужум қилгани сабаб бўлган. Бундан ташқари, Исроил суди Шайх Жарроҳ маҳалласида яшовчи араб оилаларини кўчириш тўғрисида қарор чиқарган. Чунки бу ерларга яҳудийлар даъво қилиб келади. Оқибатда 300 дан ортиқ фаластинлик жароҳатланган.
Ушбу воқеа юзасида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған исломий мамлакатлар ва бутун дунё жамоатчилигини оккупация қилинган Шарқий Қуддусдаги фаластинликларни ўз уйларидан зўрлик билан чиқариб юбораётган Исроилнинг агрессив ҳаракатларига нисбатан самарали қаршилик кўрсатишга чақирди. Кейинроқ Эрдўған Исроилнинг ҳаракатларини “террор“, деб баҳолади.
Туркия Президентидан сўнг, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Исроил расмийларининг Шарқий Қуддусдаги ҳарбий амалиётини “қонунбузарлик” деб атаб, улар содир бўлган воқеа учун фаластинликлардан кечирим сўраши кераклигини таъкидлади.
Бунгача БМТ Исроилни ҳар қандай ҳужумларни бекор қилиш ва намойишчиларга қарши куч ишлатмасликка чақирган бўлса, АҚШ вазиятнинг кескинлашганидан қаттиқ хавотирда эканини маълум қилган.
Ўз навбатида, Исроил Бош вазири дунё ОАВни воқеалар ривожини нотўғри талқин қилганликда айблаб, мамлакат полициясининг зўравонликларини қўллаб-қувватлаган эди.
LiveБарчаси