ҲАМАС фаластинлик маҳбуслар эвазига гаровдаги 4 кишининг жасадини Исроилга топширади
Олам
−
26 Февраль 2025 2557 1 дақиқа
Бугун, 26 февралга ўтар кечаси Исроил ва ҲАМАС ҳаракати Исроил томонига гаровга олинган яна тўрт кишининг жасадини топшириш ва шу вақтнинг ўзида 602 нафар фаластинлик маҳбусни озод қилишга келишиб олди. Бу ҳақда исроиллик манбага таяниб, “The Times of Israel” хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу келишув бугун, 26 февраль куни амалга оширилиши мумкин.
“ҲАМАС жасадларни Қизил Хочга топширади, улар жасадларни Исроилга етказади. Шу билан бирга, ўтган шанба, 22 февраль куни озод этилиши керак бўлган фаластинликлар қамоқдан озод қилинади”, дейилади хабарда.
Шунингдек, жасадларни топшириш ҳеч қандай маросимсиз амалга оширилиши билдирилган. ҲАМАС ташвиқот уюштирмасликка кафолат берган.
Келишувнинг бошқа тафсилотлари очиқланмаган.
Эслатиб ўтамиз, 22 февраль куни Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати олти нафар исроиллик гаровга олинганни озод қилганидан сўнг, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Ғазодаги ўт очишни тўхтатиш бўйича фаластинлик маҳбусларни озод қилиш “кейинги гаровга олинганларнинг озод этилиши кафолатланмагунча ва камситувчи маросимлар тўхтамагунича” кечиктирилишини айтганди. Бош вазир ҲАМАСни “такрорий қоидабузарликда”, жумладан “гаровга олинганлардан ташвиқот мақсадларида беҳаё фойдаланишда” айблаганди.
Live
Барчаси