Ҳалоковнинг чемпионлик жанги муддатидан олдин якунланди
Спорт
−
05 Октябрь 2023
7685Бугун, 5 октябрь куни бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Абдумалик Ҳалоков Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтаётган ХIХ ёзги Осиё ўйинлари чемпионига айланди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ мухбири Шахзод Шукуров хабар берди.
Унинг маълум қилишича, -57 килограмм вазн тоифасида Япония вакили Шудан Ҳарадага қарши финалда тўқнаш келган Ҳалоков 3 раундга мўлжалланган жангнинг 2-раундида рақибини техник нокаут эвазига таслим этишга эришган.
У жанг давомида рақибини кетма-кет 4 марта нокдаун ҳолатига тушириб қўйди ва япониялик мураббийлар шогирдининг саломатлигини ўйлаган ҳолда рингга оқ сочиқ улоқтиришга мажбур бўлди. Шу тариқа ўзбекистонлик боксчи ўйинлардаги илк иштирокини чемпионлик мақомида якунлади.
Айтиш жоиз, бироздан сўнг бокс бўйича +92 килограмм вазнда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилувчи Баҳодир Жалолов қозоғистонлик асосий таъқибчиларидан бири Камшибек Конкабаевга қарши финал баҳсида рингга кўтарилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, Олимпиада ва Жаҳон чемпиони Ҳасанбой Дўстматов Таиланд вакили Титисан Панмотга қарши кечган финал баҳсида 5:0 ҳисобида ғалабага эришган ҳолда фаолиятидаги илк Осиё ўйинлари чемпионлигини қўлга киритган эди.
LiveБарчаси