Ҳалима Ёқуб Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилди
Жамият
−
25 Май 2023
11198Сингапур Президенти Ҳалима Ёқуб Самарқандга ташрифини Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиш билан бошлади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Сингапур раҳбари Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилган ҳамда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва бу ердаги музей фаолияти билан танишган.
Ташриф давомида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган халқаро марказда Ўзбекистондан етишиб чиққан буюк алломалар, муҳаддислар мероси тадқиқ этилаётгани, қисқа вақт ичида ўнлаб тарихий китоблар нашр этилгани ҳақида маълумот берилган.
Шунингдек, Сингапур Президенти Ҳадис мактабида ҳам бўлиб, бу ерда фаолият кўрсатаётган ўқитувчилар ҳамда тингловчилар билан суҳбатлашган. Мактабда ҳадис илмини ўрганаётган ёшлар учун яратилган шарт-шароит ва имкониятларга юқори баҳо берилган.
Бундан ташқари, Ҳалима Ёқуб Самарқанддаги Амир Темур мақбарасини ҳам зиёрат қилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 23 май куни Сингапур Президенти Ҳалима Ёқуб икки кунлик давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келган эди. Уни Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова ва бошқа расмийлар аэропортда кутиб олган эди. 24 май куни Кўксарой қароргоҳида Сингапур раҳбари Ҳалима Ёқубни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев самимий қарши олиб, шоҳсупага таклиф қилган. Ўзбекистон ва Сингапур ўртасида иқтисодиёт, саноат, туризм, маданият ва бошқа соҳалар бўйича икки томонлама ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланди. Давлатлар ўртасидаги саммити якунида Кўксарой қароргоҳида дарахт экиш маросими бўлиб ўтди. Шунингдек, у бугун, 25 май куни Сингапур Президенти Ҳалима Ёқуб Самарқанд шаҳрига “Афросиёб” поездида борди.
LiveБарчаси