Сингапур Президенти Ўзбекистонга оддий рейс билан келди. Давлат раҳбарининг шахсий самолёти йўқми? 

Жамият

image

Кеча, 23 май куни Сингапур Президенти Ҳалима Ёқуб икки кунлик давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Президентни Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова ва бошқа расмийлар аэропортда кутиб олди. Расмий кутиб олиш маросимидан олинган суратлардан кўриш мумкинки, Ҳалима Ёқуб Тошкентга алоҳида махсус самолёт билан эмас, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг рейси билан келган.

Давлат раҳбари Ўзбекистонга келишидан олдин Қозоғистонда ҳам бўлди. Қозоғистон Президенти матбуот хизматида Сингапур етакчисининг Остонага ташрифидан эълон қилинган суратларда ҳам унинг шахсий самолёти кўринмайди. Гап шундаки, Ҳалима Ёқуб Қозоғистонга ўзининг бошқа хорижий сафарларида бўлгани сингари тижорий рейс билан келган.

Умуман олганда, Сингапур Президентидан ташқари мамлакатнинг бошқа юқори мансабдорлари, жумладан, Бош вазир ҳамда ҳукумат вакиллари ҳам тижорий рейсларда парвоз қилади. Бунда асосан Singapore Airlines авиакомпаниясининг ёки бориладиган манзилган қараб бошқа авиакомпаниянинг рейсларига ишонч билдирилади. Бундан ташқари, эҳтиёж туғилганда Сингапур ҳаво кучларининг махсус жиҳозланган Airbus А330 MRTT ва Fokker 50 самолётларидан ҳам фойдаланилиши мумкин.

Масалан, шу йилнинг март ойи охирида Сингапур ва Малайзия Бош вазирлари Хитойга бир вақтда ташриф буюрди. Бунда Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим Пекинга ҳукумат дипломатик контингентига хизмат кўрсатувчи махсус самолётда борган бўлса, Ли Сян Лун дастлаб Singapore Airlines самолёти билан Гуанчжоуга қўнди. Сўнгра Хитойнинг Hainan Airlines самолёти билан Пекинга учди.

Камчиқим сафар қилишни маъқул кўрадиган Ҳалима Ёқуб жорий йилнинг 20 март санасида Малайзияга борганида ҳам оддий рейсдан фойдаланган. Сингапур Президенти май ойининг бошида Буюк Британияга ташриф буюриб, қирол Чарльз III нинг тож кийиш маросимида қатнашди. Бу ташрифда ҳам у алоҳида самолётда учмаган.

Маълумот учун, Сингапур иқтисодий жиҳатдан дунёнинг энг бой давлатларидан бири ҳисобланади. Мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажми 447 миллиард долларни ташкил этади. Бу Ўзбекистонникига нисбатан қарийб 5,5 баравар юқори дегани. Аҳоли жон бошига даромад миқдори 91,1 минг долларга тўғри келади. Солиштириш учун, Ўзбекистонда бу миқдор 2255 доллар.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мексика Президенти ўзининг харажатларини қисқартириш мақсадида ҳашаматли самолётини 90 миллион долларга Тожикистон ҳукуматига сотганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сингапур Ҳалима Ёқуб

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made