Одамларга китоб ўқигани учун пул тўлаш бошланди

Олам

image

Сингапур ҳукумати аҳолини ижтимоий тармоқларда узоқ вақт лента айлантиришдан қайтариш ва китоб ўқишга ундаш учун пул тўлашни бошлади. Энди ҳар куни камида 15 дақиқа китоб ўқиган одамлар рағбатлантирилади. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.

Қайд этилишича, сентябрь ойидан ишга туширилган дастур доирасида фуқаролар махсус давлат сайти орқали ўқиган вақтини қайд этиб боради. 15 дақиқа ёки ундан кўпроқ китоб ўқиган киши 20 виртуал танга олади. 1000 та танга тўплаган иштирокчи 1 Сингапур доллари, яъни тахминан 80 АҚШ центи олади. Бир кунда фақат битта ўқиш сессияси ҳисобга олинади. Шу тариқа, иштирокчи 50 кун давомида ҳар куни 15 дақиқадан китоб ўқиса, 1 Сингапур доллари ишлаб олади.

Сингапур Миллий кутубхона кенгаши раҳбари Мелисса Тамнинг айтишича, мунтазам китоб ўқиш одатини кичик ва амалга ошириш осон бўлган қадамлар орқали шакллантириш мумкин. Ҳозир одамлар исталган пайтда юзлаб сарлавҳаларни кўриб чиқиши, видеолар томоша қилиши ёки деярли ҳар қандай маълумотнинг қисқа хулосасини олиши мумкин. Шу сабабли дастур 15 дақиқалик оддий кунлик мақсаддан бошланган.

Сингапур ҳукумати ёшлар учун ижтимоий тармоқларнинг зарарини камайтириш чораларини ҳам кўриб чиқмоқда. Улар орасида ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга кунлик вақт лимитини жорий этиш таклифи бор.

Қайд этилишича, аввалги тадқиқотлар ёшлар орасида ижтимоий тармоқларга қарамлик ва “doomscrolling” – салбий ёки хавотирли хабарларни узлуксиз равишда кўриб чиқиш каби ҳолатлар кенг тарқалганини кўрсатган.

Қизиғи, китоб ўқиш масаласида Сингапур ёшларининг кўрсаткичлари юқори. 2025 йилги PISA халқаро баҳолаш дастурида мамлакатнинг 15 ёшли ўқувчилари ўқиш саводхонлиги бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллаган. Улар бу кўрсаткичда Хитой ва Тайвань ўқувчиларидан юқори натижа қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сингапур ҳукумати мамлакатда туғилиш кўрсаткичи пасайиб бораётгани сабабли оилаларни фарзандли бўлишга рағбатлантиришга қаратилган янги чораларни эълон қилгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг