Туркияда “Мирзиёев доктринаси” номли китоб чоп этилди
Local
−
11:54 564 3 minutes
Туркия пойтахти Анқара шаҳрида “Мирзиёев доктринаси: глобал беқарорлик давридаги имкониятлар дипломатияси” китобининг турк тилидаги нашри тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Омонулла Файзиев QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги олий даражадаги ташриф ортидан ўтказилган тадбир Туркия Президенти Администрациясининг Жамоатчилик билан алоқалар департаменти, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TİKA) ҳамда Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилган. Унда Туркиянинг сиёсий ва жамоат арбоблари, олимлар, сиёсатшунослар, етакчи экспертлар, расмий доиралар, дипломатик корпус ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган. Тақдимот давомида сўзга чиққанлар асарнинг асосий ғояси, концептуал асослари ва илмий-амалий аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритган.

Қайд этилишича, тадбир иштирокчиларининг эътиборини тортган асосий жиҳатлардан бири –китобда Ўзбекистоннинг сўнгги ўн йилликдаги тараққиёт йўли ва ташқи сиёсий фаолияти алоҳида воқеалар ёки ташаббуслар кесимида эмас, балки ягона стратегик ва сиёсий-фалсафий ёндашув асосида таҳлил қилингани.
Асарда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган Янги Ўзбекистон ислоҳотлари, давлат бошқарувидаги ўзгаришлар, ташқи сиёсат устуворликлари ва халқаро ҳамкорликнинг янги йўналишлари ўзаро узвий боғлиқликда ёритилган.

Хусусан, очиқлик, прагматизм, инсон манфаатлари устуворлиги, яхши қўшничилик, минтақавий ҳамкорлик, ўзаро ишонч ва халқаро шериклик тамойиллари замонавий Ўзбекистон дипломатиясининг асосий мезонлари сифатида кўрсатилган.
Туркиялик иштирокчиларнинг фикрича, бугунги кунга қадар Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва Президент ташаббусларига бағишланган кўплаб мақолалар, таҳлилий материаллар ва тадқиқотлар эълон қилинган бўлса-да, ушбу жараёнларни ягона илмий ёндашув асосида тизимлаштириб, уларнинг ички мантиғи, ўзаро боғлиқлиги ва стратегик моҳиятини очиб берувчи фундаментал асарларга эҳтиёж мавжуд эди.
“Мирзиёев доктринаси” айнан шу эҳтиёжни қондиришга қаратилган муҳим илмий-интеллектуал ишлардан бири сифатида баҳоланган.
Тақдимотда алоҳида таъкидланишича, бугунги тез ўзгараётган ва беқарор халқаро вазиятда давлатларнинг ташқи сиёсий йўналиши, стратегик мақсадлари ва ҳамкорлик тамойиллари аниқ ҳамда тушунарли бўлиши тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг яхлит доктрина сифатида шакллантирилиши мамлакатнинг халқаро майдондаги позициясини, глобал ва минтақавий масалаларга муносабатини ҳамда узоқ муддатли тараққиёт мақсадларини англаш имконини беради.
Туркиялик экспертлар Ўзбекистон Президентининг минтақада барқарорликни мустаҳкамлаш, Марказий Осиёда яхши қўшничилик муносабатларининг янги архитектурасини шакллантириш, мувозанатли стратегик шериклик алоқаларини ривожлантириш ва халқаро майдонда мулоқот ҳамда ўзаро ишонч тамойилларини илгари суришдаги ролини алоҳида эътироф этган.
Тақдимотда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатларнинг бугунги юксак даражасига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Иштирокчилар икки мамлакат етакчилари ўртасида қарор топган ишончли мулоқот, ўзаро ҳурмат ва стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни юқори баҳолаган.
Тадбир якунида китоб тақдимотларини Туркиянинг бошқа шаҳарларида ҳам ўтказиш, шунингдек, етакчи расмий ва жамоатчилик вакиллари иштирокида мавзуга доир давра суҳбатлари ҳамда брифинглар ташкил этиш бўйича келишувга эришилган.
Live
All