Жўрабек Раҳимов ҳам Хоразм ҳокими лавозимига тасдиқланди
Жамият
−
05 Ноябрь
4443Хоразм вилояти ҳокими сифатида фаолият юритиб келаётган Жўрабек Раҳимов халқ депутатлари вилоят Кенгашининг еттинчи чақириқ биринчи сессиясида яна ушбу лавозимга тасдиқланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, сессияда Жўрабек Раҳимович Раҳимов Хоразм вилояти ҳокими лавозимига бир овоздан тасдиқланган.
Шунингдек, сессияда вилоят сайлов комиссияси раисининг жорий йил 27 октябрда бўлиб ўтган сайлов якунлари тўғрисидаги ахбороти тингланган. Унда 14-Ғозовот сайлов округидан сайланган депутат Алтибай Бегжанович Ражабов халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгаши раиси этиб сайланган. Шунингдек, сессияда халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашига сайланган депутатларнинг партия гуруҳлари рўйхатдан ўтказилиб, вилоят Кенгашининг Регламенти ва доимий комиссиялар тўғрисидаги Низом тасдиқланган.
Маълумот учун, Жўрабек Раҳимов 1981 йил Хоразм вилояти Шовот туманида туғилган. У вилоят ҳокимлигига тайинланишидан олдин Қўшкўпир тумани ҳокими бўлган. Раҳимов 2022 йил декабрда Хоразм вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи, 2023 йил март ойидан буён вилоят ҳокими лавозимида ишлаб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилояти ҳокими сифатида фаолият юритиб келаётган Эркинжон Оқбўтаевич Турдимов Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг еттинчи чақириқ биринчи сессиясида яна ушбу лавозимга тасдиқланган эди.