ЖССТ коронавирусга қарши вакцинани илк бор расман тасдиқлади

Олам

image

31 декабрь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Pfizer (АҚШ) фармацевтика компанияси ва BioNTech (Германия) биоинженерлик компанияси томонидан биргаликда ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши вакцинадан фойдаланишни расмий равишда тасдиқлади. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берган. 

Comirnaty деб номланувчи препарат фавқулодда фойдаланиш учун тавсия этилганлар рўйхатига киритилган. 

Вакцинани рўйхатга қўшиш мамлакатларга ўзларининг тартиб-қоидаларини тезлаштиришга ва вакциналарни олиб кириш ва эмлаш кампанияларини йўлга қўйишга имкон беради. 

Шунингдек, бу UNICEF ва Пан-Америка соғлиқни сақлаш ташкилотига ушбу дори воситасини муҳтож мамлакатларда тарқатиш учун сотиб олиш имкониятини беради.

Қайд этилишича, ЖССТнинг бутун дунёдаги мутахассислари “хавф-фойда” мутаносиблиги таҳлили доирасида Pfizer ва BioNTech вакцинасининг хавфсизлиги, самарадорлиги ва сифат маълумотларини ўрганиб чиққан. 

Тадқиқотлар вакцина ЖССТ томонидан белгиланган хавфсизлик ва самарадорлик учун мажбурий мезонларга жавоб беришини кўрсатган. 

Таъкидланишича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Иммунизация бўйича стратегик маслаҳат гуруҳи 5 январь куни йиғилиб, муайян вакциналардан жамиятда фойдаланиш бўйича маслаҳат беради.

Маълумот ўрнида, Pfizer вакцинаси ишлаб чиқарилган генетик материал Осиё, Африка ва Лотин Америкасида муаммо бўлиши мумкин бўлган -60°С дан -90°С гача сақланиши керак. Ушбу минтақалардаги иссиқ иқлим ва ривожланмаган инфратузилма вакцинани сақлаш ҳамда уни чекка қишлоқ ва оролларга етказиб беришни қийинлаштиради. Шу сабабли, ЖССТ мамлакатларни вакцинани етказиб бериш режаларини баҳолашда ва иложи борича вакцинадан фойдаланишга тайёргарлик кўришда қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилмоқда.

Ҳозирда ушбу вакцинадан фойдаланиш учун ўнлаб мамлакатларда расман рухсат берилган. Хусусан, Европа Иттифоқи ўз ҳудудида Pfizer вакцинаси билан эмлашга рухсат берган.


Мақола муаллифи

Теглар

вакцина коронавирус

Баҳолаганлар

122

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг