Жиззахга яна сел ёпирилди (видео)
3-саҳифа
−
07 Июнь
12234Бугун, 7 июнь куни Жиззах вилоятининг Бахмал туманидаги Давлат маҳалласига яқин тоғлардан маҳалла ҳудудига кучли сел ёпирилди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, соат 16:00-17:00 лар оралиғида туманнинг “Молгузар” тоғларидан ёғиб ўтган кучли ёмғирлар оқибатида ҳосил бўлган сел сувлари Давлат маҳалласи ҳудудидаги сел йўлларидан талофатларсиз оқиб ўтиб, Сангзор дарёсига қуйилган.
“Кузатилган ходиса оқибатида фуқаролар, аҳоли яшаш хонадонлари, томорқалар, ижтимоий соҳа объектлари ва автомобиль йўлларига зарар етмаган”, дейилади хабарда.
Қўшимча қилинишича, айни вақтда Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан вилоятнинг барча ҳудудларидаги “сел постлари” билан алоқа алмашинуви доимий йўлга қўйилган ва вазият тўлиқ назоратга олинган.
Аммо ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда сел жуда кучли келгани кўриниб турибди. Қолаверса, кўплаб фойдаланувчилар сел оқибатида чорва моллари ҳам оқиб кетганини иддао қилмоқда. Аммо бошқарма ушбу хабарларни расман тасдиқламади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах вилоятининг Зомин туманига сел келиши оқибатида автомобиль йўлининг бир қисми қум-тош массалари билан ёпилиб қолганди.
LiveБарчаси