Жиззахда маст ҳолатда ресторан ходимларини дўппослаган йигитлар жазоланди (видео)
3-саҳифа
−
24 Май
8246Жиззахдаги ресторанларнинг бирида маст ҳолатда жанжал кўтарган ҳамда жанжални тўхтатмоқчи бўлган ресторан қоровули ва бошқа ходимни калтаклаган йигитлар жиноий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Жиззах вилояти ИИБ маълум қилди.
Ҳодиса Жиззах шаҳрининг Оққўрғонлик маҳалласида жойлашган савдо мажмуасидаги овқатланиш шохобчасида содир бўлган. Шу ерда маст ҳолда ўтирган йигитлардан бири қўшни столда ўтирган қизларга гап отиши сабаб жанжал юзага келган. Воқеадан хабар топган шохобча қоровули келиб жанжални тўхтатиш мақсадида келишмовчиликка аралашган.
Шунда йигитлардан икки нафари қоровулни ҳақорат қилиб, унга пиво идишини улоқтирган. Бу ҳам етмаганидек, йигитлар қоровулни калтаклаб, унга оғир тан жароҳати етказган. Уларни ажратишга уринган шохобчанинг бошқа ходими ҳам бир нечта мушт еган.
Қоровул олган тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Йигитлар эса ДХХ ва ИИО ходимлари томонидан қўлга олинган. Аниқланишича, қўлга олинганлардан бири аввал талончилик, давлат органи вакилининг қонуний ҳаракатларига қаршилик кўрсатгани ҳамда қасддан баданга енгил шикаст етказгани сабаб судланиб, ахлоқ тузатиш жазосини ўтаётган бўлган.
Қонунбузарларнинг бу ишлари судда кўриб чиқилган. Аввал судланиб, ахлоқ тузатиш жазосига ҳукм қилинган шахснинг бу жазоси озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилган. Унинг шеригига ҳам қонунда белгиланган жазо қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Жиззах шаҳридаги ресторанда безорилик содир этган ва ички ишлар ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаган 9 нафар шахс қўлга олинганди.
LiveБарчаси