Жиззахда ФВБ бошлиғи пора билан ушланди

3-саҳифа

image

Жиззах вилоятидаги туманлардан бирининг Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи турли қурилиш лойиҳаларини тасдиқлаб бериш эвазига пора талаб қилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи хизмат мавқеини суиистеъмол қилиб, жорий йилнинг сентябрь ойида маҳаллий тадбиркор томонидан қурилиши режалаштирилган кўп қаватли уйнинг лойиҳа ҳужжатларини тасдиқлаб бериб, эвазига 200 доллар олган.

Кейинроқ тадбиркор аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида, ушбу кўп қаватли уйга яқин жойда хусусий мактаб қуриш учун лойиҳа ҳужжатларини тасдиқлаб беришини сўраб, яна мазкур мансабдор шахсга мурожаат қилган. Бу сафар у қинғир иши учун 6 млн сўм талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда прокуратура органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда туман Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи ушбу пул маблағини ўзининг турмуш ўртоғи орқали олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилган.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми “а”, “в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.

Маълумот учун, мазкур модданинг ушбу бандларида назарда тутилган жиноятлар учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятининг Ургут туманидаги маҳаллаларнинг бирида ҳоким ёрдамчиси лавозимида фаолият юритган шахс 2500 доллар пора олган вақтида қўлга тушганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Жиззах Давлат хавфсизлик хизмати пора олиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг