Жиззахда АЭС ишчилари учун шаҳарча қурилади

Жамият

image

Жиззахдаги бўлажак атом электр станцияда меҳнат қиладиган мутахассислар ва уларнинг оилалари учун 10 минг кишилик моношаҳарча қурилади. Бу ҳақда бугун, 2 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг Жиззах вилоятига ташриф чоғида айтилди.

Қайд этилишича, давлат раҳбари дастлаб замонавий ва қулай йўл инфратузилмасини барпо этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишган. Вилоят марказини М-39 халқаро автомобиль йўлига боғлаш мақсадида қарийб 290 миллиард сўм ҳисобидан 700 метрлик йўл ўтказгич ва 4 километрлик янги автомобиль йўли қурилган. Янги йўл ҳар куни 14 мингдан ортиқ транспорт воситасини ўтказиш имкониятига эга.

Шу пайтгача мазкур йўналишдан аҳоли шаҳарга кириш-чиқиш учун 25 километрлик айланма йўлдан фойдаланишга мажбур бўлган. Янги иншоот туфайли бу масофа 4 километргача қисқарган, эски йўлдаги тирбандликлар бартараф этилган. Бу ҳайдовчилар, тадбиркорлар, логистика ва хизмат кўрсатиш соҳаси учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Металл конструкциялардан замонавий технология асосида барпо этилган ўтказгичнинг хизмат муддати 100 йил деб баҳоланмоқда. Анъанавий темир-бетон ўтказгичлар одатда 50 йил хизмат қилади. Демак, хизмат муддати икки баробарга узайган.

Билдирилишича, лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати – илгари йўловчи ва юк поездлар ўтган пайтда автомобиллар темир йўл кесишмасида тўхтаб қолишга мажбур бўлган, эндиликда эса йўлўтказгич қурилгани туфайли тез тиббий ёрдам, ўт ўчириш ва бошқа махсус хизматларнинг ҳаракати анча енгиллашади.

Шу ернинг ўзида давлат раҳбарига атом энергетикаси лойиҳаларининг бориши тўғрисида ахборот берилган.

Айни пайтда Жиззах вилоятида интеграциялашган иккита кам қувватли реактор ва иккита катта реактордан иборат атом электр станциясини барпо этиш бошланган. Ҳозирги босқичда реактор биноси учун котлован қазиш ишлари фаол паллага кирган. Қурилиш-монтаж базаси учун ер текислаш, бетонлаш, арматура ўрнатиш ишлари бажарилмоқда. Қурувчилар яшаши учун вақтинчалик турар жой мажмуаси барпо этилган.

Атом электр станцияси учун зарур қурилиш материалларини маҳаллийлаштириш, олийгоҳларда соҳа учун кадрлар тайёрлашни кенгайтириш режалари тақдимот қилинган.

“Бўлажак электр станцияда меҳнат қиладиган мутахассислар ва уларнинг оилалари учун моношаҳарча қуриш лойиҳаси ҳақида маълумот берилди. Шаҳарча АЭСдан 16 километр узоқликда жойлашган, 10 минг кишига мўлжалланган бўлади, унда барча зарур инфратузилма, ижтимоий ва хизмат кўрсатиш объектлари кўзда тутилади”, дейилади хабарда.

Президент Жиззах шаҳрига кириш қисмини замонавий қиёфага келтириш бўйича мастер-режа ва реновация лойиҳалари тақдимоти билан ҳам танишган.

Реновация дастури асосида Жиззахда эски уй-жойлар ўрнида замонавий, қулай ва хавфсиз тураржойлар барпо этилиши режалаштирилган. Шунингдек, IT-марказ биносини барпо этиш, ҳунармандчилик марказини ташкил этиш, айрим мавжуд мажмуаларни реконструкция қилиш ҳамда гавжум кўчаларни тартибга келтириш каби лойиҳалар билан танишилган.

“Жиззахга келишимиздан мақсад – вилоятни янги ўсиш нуқталарини аниқлаш ва рўёбга чиқариш. Бугунги Жиззах – кечаги Жиззах эмас. Вилоятнинг салоҳияти, имконияти каррасига ошди, одамларнинг ҳаётга, ишга муносабати тубдан ўзгарди. Шу имкониятларни аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган аниқ лойиҳаларга айлантиришимиз керак, дейди Президент.

Тақдимотлар давомида муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Жиззах АЭС шаҳарча

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг