“Жирона” билан ўйин якунида “Реал” футболчилари ўртасида ноодатий ҳолат юз берди
Спорт
−
12 Февраль
11916Жорий йилнинг 10 февраль куни Испания чемпионатининг 24-турида “Реал Мадрид” ва “Жирона” клублари тўқнаш келди. Баҳсда “қаймоқранглилар” рақибини 4:0 ҳисобида мағлуб этишга муваффақ бўлди. Учрашув якунида “Реал” футболчилари ўртасида ноодатий ҳолат юзага келди. Бу ҳақда “Real French Madrid” хабар берди.
Мадрид клуби “Жирона” футболчисининг жарима майдончаси ичида қўполлиги учун пенальти тепиш ҳуқуқини қўлга киритди. Мезбонларнинг испаниялик ҳужумчиси Хоселу пенальтини тепиш учун борди, бироқ шу вазиятда уни Орельен Чуамени тўхтатиб қолди. У тўпни Хоселудан олишга ҳаракат қилди.
Маълум бўлишича, франциялик футболчи ҳужумчидан ўйин охирида майдонга тушган туркиялик ёш ярим ҳимоячи Арда Гулерга пенальтини тепиш ҳуқуқини беришни сўраган, бироқ, Хоселу тўпни қайтаришдан қатъиян бош тортган. Хоселу пенальтини ўзи амалга оширди ва голга айлантира олмади. Ҳужумчининг зарбасидан кейин тўп устунга тегиб қайтди.
Маълумот учун, бу учрашув Гулер учун Мадрид клубида Ла Лигадаги иккинчи учрашув бўлди. Ҳозирча 2 та ўйинда ўз номига гол ёки ассист ёздириб қўя олмади.