Жефф Безос Amazon бош директорлигидан кетади

Олам

image

Amazon асосчиси Жефф Безос 2021 йилнинг учинчи чорагида компаниянинг Бош директорлик лавозимидан кетади. Бу ҳақда Amazon компанияси хабарида айтилган. 

Манбага кўра, компаниянинг янги раҳбари Amazon Web Services'ни бошқарувчи Энди Ясси бўлади. 

Безос директорлар кенгашида ижро этувчи раис лавозимини эгаллайди 

"Мен раис сифатида асосий эътиборни янги маҳсулотларга қаратмоқчиман. Энди Ясси компанияда яхши танилган ва Amazon'да деярли мен каби ишлаган. У ажойиб раҳбар бўлади ва мен унга тўлиқ ишонаман", деган Безос компаниянинг ходимларига ёзган мактубида. 

Безос Amazon'нинг муҳим лойиҳаларида иштирок этишда давом этишига ишонтирган. 

Шу билан бирга, у ўзининг Bezos Earth Fund хайрия фонди, Blue Origin аэрокосмик компанияси, The Washington Post газетаси ва Amazon Day 1 Fund'ига кўпроқ вақт ажратиш ниятида эканини таъкидлаган. 

Amazon компаниясига 1994 йил июлида асос солинган ва Безос ўшандан бери унга раҳбарлик қилиб келмоқда. 

Бир йилдан сўнг, яъни 1995 йилда компания онлайн-дўконни ишга туширган. 

Бош офиси Сиэттлда (Вашингтон) жойлашган Amazon ҳозирда дунёдаги энг йирик онлайн чакана сотувчилардан бири ҳисобланади. 

Компания АҚШ, Канада, Хитой, Япония, Бразилия ва Европа мамлакатларида фаолият юритади. 

Компаниянинг бўлажак Бош директори Ясси эса 1997 йилда Amazon'га қўшилган ва компанияга қўшилганидан бери Amazon Web Services'ни бошқарган. 

Forbes маълумотларига кўра, Безос дунёдаги энг бой одам ҳисобланади. Нашр унинг бойлигини 196,2 миллиард долларга баҳолаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Жефф Безос

Баҳолаганлар

70

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг