Собиқ вазирнинг қизи космосга чиққан илк марказий осиёлик аёлга айланади
Олам
−
06 Октябрь 2025 19031 3 дақиқа
Қозоғистонлик Данна Карагусова Марказий Осиёдан коинотга саёҳат қилган биринчи аёлга айланади. У Amazon асосчиси ва миллиардер Жефф Безос томонидан ишлаб чиқилган Blue Origin компаниясининг New Shepard ракетасида учади. Қозоғистон ОАВлари Карагусованинг Instagram’даги саҳифасига таяниб хабар беришича, парвоз 2025 йилнинг октябрь ойида амалга оширилади.
Бўлажак парвоз атиги 10-12 дақиқа давом этади. Ракета коинот бошланадиган 100 километр баландликка кўтарилади. Даннага яна беш йўловчи қўшилади: бизнесмен Жефф Элгин, муҳандис Клинт Келли III, сериал стартап асосчиси Аарон Ньюман, украиналик тадбиркор Виталий Островский ва исми сир қолишни истаган яна бир йўловчи. Ҳамма вазнсизликни бошдан кечиради ва космосдан Ерни кўради. Парвоз жонли эфирда намойиш этилади.
Компания чипта нархини ошкор қилмаяпти. Маълумки, ўринни бронь қилиш учун депозит 150 минг долларни ташкил этади, парвознинг ўзи эса 500 минг доллардан 1 миллион долларгача бўлиши мумкин.
Карагусова ким?
43 ёшли Данна Карагусова олмаоталик таниқли тадбиркор аёл. У Қозоғистонда маркетинг ва инновацион технологиялар соҳасидаги етакчи шахслардан бири саналади.
Карагусова First Media Group маркетинг холдинг компанияси асосчиси сифатида кенг эътирофга сазовор бўлди. 2018 йилнинг декабригача у компаниянинг ягона асосчиси ва директори эди, бироқ кейинчалик директор ўзгарди.
Blue Origin баёнотига кўра, Данна Карагусова медиа ва тадбирларни бошқариш соҳасида 25 йилдан ортиқ тажрибага эга. У санъат ва илм-фанни бирлаштирган рақамли ўзини ўзи бошқариш воситаларини ишлаб чиқувчи компанияга асос солган. Тажрибали альпинист Карагусова Килиманжаро ва Эльбрус чўққиларини забт этган ва коинотни инсоният учун янги эволюцион чегара сифатида кўради.
Сўнгги йилларда Данна Blue Origin томонидан “бизнес учун мультимодал экотизим” сифатида тавсифланган янги Portals лойиҳасига эътибор қаратди. Лойиҳа реал вақтда турли шаҳарлар кўчаларини боғлайдиган жонли видео тасмалари билан интерактив ўрнатишларни яратади.
Данна таниқли оиладан. Унинг онаси Гулжана Карагусова таниқли сиёсатчи, собиқ меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири, Қозоғистон Сенати аъзоси. Унинг катта акаси Фарҳод Карагусов Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси директорлар кенгашида ишлайди, Sky Bridge Capital инвестиция компаниясида юридик масалалар бўйича бошқарувчи директор ва бошқарув раиси ўринбосари, Каспий университети Хусусий ҳуқуқ институтида бош илмий ходим ҳисобланади.
Яна бир укаси Роман Романов 2016 йилдан буён Павлодар вилояти кенгаши депутати, 2018-2022 йилларда эса “Қозоғистон алюминийи” акциядорлик жамиятини бошқарган.
Данна Instagram’да фаол, шахсий ва профессионал ҳаётидан видеоларни жойлаб боради. У аввалроқ блогер Бейбит Алибековга турмушга чиққан, ҳозир у билан ажрашган. Собиқ эр-хотиннинг уч фарзанди бор.
Live
Барчаси