Дунёнинг энг бой уч одами: улар қандай бойиган?
Бу қизиқ
−
06 Июнь 16654 8 дақиқа
2025 йил июнь ойи ҳолатида бойлиги миллиард доллардан ошган инсонлар сони 3 мингга яқинлашди. Бугун миллиардерлар ҳисоботини юритувчи халқаро бизнес журнал “Forbes” рўйхатидаги энг юқори ТОП учликнинг қандай бойлик орттиргани, бизнес ва сармоялари ҳақида тўхталишга қарор қилдик.
Маск қандай қилиб дунёнинг энг бой одами бўлди?
Бугунга келиб, 54 ёшли Илон Маск дунёдаги энг бой инсон ҳисобланади, “Forbes” журналига кўра, ҳозирда унинг бойлиги 342 миллиард долларни ташкил қилади. “Bloomberg” нашри 2024 йил декабрда Маскнинг капиталлари 439 миллиард долларга етиб, у инсоният тарихидаги энг бой одамга айланганини ёзди. Сабаби, ўша ойда Tesla акциялари тарихий максимум қиймат даражасига етди.

Маск ҳар доим интилувчан бўлган, масалан, 12 ёшида видеоўйин дастурини ишлаб чиқиб, уни 500 долларга сотади. 1995 йилда эса акаси билан Zip2 номли онлайн шаҳар платформасини ишга туширади. Стартап шу қадар муваффақиятли бўладики, тўрт йил ўтиб, лойиҳа 300 миллион доллардан кўпроққа сотилади. Маск бу маблағни унга янада кўпроқ даромад келтирган бошқа лойиҳаларга тиккан.

Масалан, пулнинг бир қисмини Х.cом номли онлайн тўлов платформасини ишга туширишга сарфлайди. Лойиҳа бошқа бир стартап билан бирлашиб PayPal’ни ташкил этади. 2002 йилда eBay компанияси PayPal’ни 1,5 миллиард долларга сотиб олди ва бу ҳам Маск учун катта даромад бўлди!

У кейинчалик космик тадқиқот компанияси SpaceX’ни ишга туширди, электромобиль ишлаб чиқарувчи Теsla’дан улуш сотиб олди. Компания ўз фаолиятини автомобиль бозоридан ташқарига кенгайтириш мақсадида қуёш энергияси компанияси SolarSity’ни сотиб олади. Маскда ерости транспорт тизимлари учун эмиссиясиз туннеллар қурувчи The Boring Company ҳам бор.

Маск 2014 йилда кейинчалик Google сотиб олган сунъий интеллект стартапи DeepMind; 2015 йилда эса мия фаолиятини кузатувчи қурилмалар ишлаб чиқарувчи стартап NeuroVigil’га сармоя киритди. 2016 йилда Маск мия ва компьютер ўртасидаги интерфейсларни ишлаб чиқишга қаратилган Neuralink стартапига асос солди, ундан келган даромад эса Теsla’даги улушини оширди.
Маск Теsla асосчиси эмас

Таъкидлаш жоизки, кўпчилик Илон Маскни Tesla асосчиси, деб ҳисоблайди. Аммо компания муҳандислар Мартин Эберҳард ва Марк Тарпеннинг томонидан 2003 йилда ишга туширилган бўлиб, Маск 2004 йилда сармоя киритиш орқали Бошқарув кенгаши раиси, 2008 йилда эса Бош ижрочи директорга айланади. У компанияда ўз улушини тобора ошириб, ўрнини мустаҳкамлаб борди ва ҳаттоки, 2007 йилда стартап ғояси муаллифи Мартин Эберҳардни компаниядан кетказиб юборди. Сабаб қилиб эса “Эберҳарднинг компания ривожини секинлаштираётгани”ни кўрсатди. Ҳа, “пул ким томонда бўлса, адолат ҳам ўша томонда” деганлари шу ҳолатда акс этади.

Шундай қилиб, 2021 йил сўнггида Маск бойлиги 300 миллиард доллардан ошган илк инсонга айланди. “Forbes”га кўра, унинг бойлигининг катта қисми дунёдаги энг қиммат автомобиль компанияси Tesla’даги улушига боғлиқ. SpaceX эса иккинчи йирик даромад тармоғидир.
Қуйидаги омиллар Маск бойлигининг кескин ўсишига таъсир кўрсатди:
Сиёсий фаоллик. Маск Дональд Трампнинг сайловолди кампаниясини фаол қўллаб-қувватлади. Таҳлилчилар фикрига кўра, бу омил Трамп ғалабасидан кейин Маск бойлигининг ўсишига катта ҳисса қўшган.
Tesla акцияларининг ошиши. Компания акциялари кескин қимматлашди, бу эса энг йирик акциядори Маск бойлигига бевосита ижобий таъсир кўрсатди.
SpaceX баҳосининг ўсиши. Яқинда акциялар олди-сотдиси бўйича амалга оширилган битим компания баҳосини 350 миллиард долларга олиб чиқди.

Маск Tesla компаниясининг энг йирик акциядори, шунингдек, SpaceX асосчиси ва бош директори ҳисобланади. Ўтган йили президентлик сайловида Дональд Трамп ғалаба қозонгач, Tesla ҳамда Маскга тегишли бошқа компаниялар акциялари кескин ошди. Бундан ташқари, Маск Neuralink ва xAI каби бошқа муваффақиятли компанияларга эгалик қилади. 2024 йилда xAI баҳоси икки баробарга ошиб, 50 миллиард долларга етди. Диверсификацияланган даромад манбалари Маскнинг молиявий муваффақиятига катта таъсир кўрсатмоқда. Трамп ғалабаси ва Tesla акцияларининг кўтарилиши Маск бойлигини мислсиз даражада оширди. Сиёсий қўллаб-қувватлаш, стратегик сармоялар ва турли соҳалардаги муваффақиятли лойиҳалар Маскни инсоният тарихидаги энг бой одамга айлантирди. Янги сиёсий ва иқтисодий муҳит эса унинг компаниялари учун яна ҳам катта имкониятлар эшигини очмоқда.
Иккинчи энг бой инсон Марк Цукерберг қандай бойиди?

Meta Platforms (аввалги Facebook) асосчиси ва бош директори 41 ёшли Марк Цукерберг дунёнинг иккинчи рақамли энг бой одами ҳисобланади – ҳозирда унинг бойлиги 216 миллиард доллар. Гарвард талабасидан дунёдаги энг бой инсонлардан бирига айланиш – инновация, стратегик қарорлар ва бозор динамикаси ҳақидаги қизиқарли ҳикоя. Келинг, унинг бойлиги йиллар давомида қандай ўзгариб борганини батафсил кўриб чиқамиз.
Facebook. Марк Цукерберг 2004 йил февраль ойида Гарвард ётоқхонасида яшаётган пайтида “The Facebook”ни ишга туширди. Дастлаб бу фақат университет ичидаги платформа эди, аммо тез орада бошқа университетларга ҳам ёйилди. 2004 йил охирига келиб, бир миллионга яқин фойдаланувчи натижасида Цукерберг бойлиги тахминан 350 минг долларга етди.

Кейинги йили Цукерберг 200 минг долларга домен сотиб олди ва Питер Тиль каби инвесторлардан 12,7 миллион долларлик сармоя жалб қилинишига эришди. 2005 йил охирига келиб, Facebook фойдаланувчилари сони 5,5 миллионга, Цукерберг бойлиги эса тахминан 800 минг долларга етди. 2006 йилда Facebook’да “News feed” функцияси ишга туширилди. Бу эса фойдаланувчилар фаоллигини сезиларли даражада оширди. Ўша йилнинг охирида Цукерберг миллион долларлик чегарани ортда қолдириб, бойлиги 18,4 миллион долларга етди.

Ҳақиқий бурилиш нуқтаси 2007 йилда юз берди: миллионер Цукерберг миллиардерга айланди. Чунки Facebook фойдаланувчилари сони ортгани сари платформага тадбиркорлар қизиқиши ҳам ортиб борди. Ўша йил охирида Facebook’да 100 мингдан ортиқ бизнес саҳифалари мавжуд эди. Шундай қилиб, Цукерберг ўз кучи билан бойлик орттирган энг ёш миллиардерлар рўйхатига киритилди.
Instagram ва WhatsApp. 2008 йилдан 2012 йилгача Цукерберг бойлиги барқарор ўсишда давом этди. Ақлли миллиардер 2012 йилда 1 миллиард долларга, келгусида унга катта даромад келтирган Instagram платформасини сотиб олди. Шу ва Facebook’нинг оммавий акциялар савдоси 2012 йил охирига келиб, Цукерберг бойлигини 15 миллиард долларга етказди.

Цукерберг бир нечта стратегик харидларни амалга оширган, жумладан 2014 йилда 19 миллиард долларга WhatsApp’ни сотиб олади. Бу ҳаракатлар Facebook’нинг ижтимоий тармоқлар бозоридаги устунлигини мустаҳкамлади. 2015 йилга келиб, унинг бойлиги 44,6 миллиард долларга етди. Цукерберг шунингдек, Breakthrough Starshot каби бошқа лойиҳаларга ҳам сармоялар киритган.
Сўнгги йилларда Цукерберг бойлиги сезиларли ўзгаришларга учради. 2022 йилда Meta акциялари нархининг тушиши ва TikTok каби рақобатчилар кучайиши оқибатида унинг бойлиги 71 миллиард долларга камайди. Бироқ, Meta компаниясининг стратегик ҳаракатлари эвазига 2023-2024 йил бошларига келиб, Цукерберг бойлиги яна тикланди. Марк Цукербергнинг молиявий йўли технологик саноатнинг ўзгарувчан табиатини акс эттиради.
Собиқ дунёнинг энг бой одами Жефф Безос қандай бойиди?

Бойлиги билан дунёдаги учинчи ўринда турувчи Amazon.com онлайн савдо платформаси асосчиси Жефф Безос америкалик тадбиркор, сахий хайриячи ва фазога қизиқувчи инсон. Ҳозирда унинг соф бойлиги 215 миллиард долларни ташкил этади. Безос 2017 йил октябрдан 2021 йил январгача дунёдаги энг бой инсон бўлиб, “Forbes” рўйхатида биринчи ўринда турган. У 2024 йил март ойида ҳам Маскни ортда қолдириб, энг бой инсонга айланди. Бироқ Трампнинг ғалабаси Маск бойлигини ошириб юборди ва ҳозирда Маскни ортда қолдириш учун яна бирор “оламшумул мўъжиза” керак.

2019 йил апрелда Безос хотини Маккензи билан ажрашди ва унга 19,7 миллион долларлик акцияни берди. Ўша вақтда мазкур акциялар 36 миллиард долларга тенг эди. Натижада Жеффнинг бойлиги 150 миллиард доллардан 114 миллиард долларга тушиб кетган, Маккензи эса энг бой аёлга айланган.
Жефф Безос 1964 йил 12 январда Нью-Мексика штатининг Альбукерке шаҳрида туғилган. У туғилганида онаси атиги 17 ёшда эди, отаси эса велосипед дўконига эгалик қиларди. Тез орада улар ажрашади ва 4 ёшли Жеффнинг онаси кубалик муҳожир Мигель Безосга турмушга чиқади. Мигель Безос уни фарзандликка олади ва боланинг фамилияси Жоргенсондан Безосга ўзгаради.

Кейинчалик Мигелнинг муҳандислик фаолияти сабабли оила Техас штатининг Хьюстон шаҳрига кўчиб ўтади. У ерда яшаган пайтида Жефф ота-онасининг гаражидан илмий лойиҳалар учун лаборатория сифатида фойдаланган. У ёзги таътил пайтларида бувиси ва бобосининг фермасида ишлаган ва бу Жеффга меҳнатсеварликни ўргатган. Йиллар ўтиб, у ушбу фермани сотиб олиб, 10 минг гектардан 120 минг гектаргача кенгайтирган.
Жефф дастлаб физикани ўрганишни истаган, лекин кейинчалик компьютер технологияларига қизиқиб қолган ва Принстон университетига ўқишга кирган. Олий маълумотни олгач, Жефф бир неча молиявий технология компанияларида ишлаган ва 30 ёшида вице-президенти лавозимига кўтарилган.
Интернет ҳақида қизиқиш уйғониши билан Безос интернет орқали маҳсулот сотишни режалаштирган ва илк маҳсулот сифатида китобларни танлаган. Нью-Йоркдан Сиэтлга автомобиль сафари пайтида у Amazon бизнес-режасини тузган ва компанияни 1994 йилда расман ишга туширган. Дастлаб у гаражда фаолият олиб борган.

Шундай қилиб, унинг ишлари юришиб кетади ва 2000 йилда фазовий саёҳатга қизиқиши туфайли Blue Origin компаниясини ташкил этади. Дастлабки йилларда Blue Origin фаолияти сирли тарзда юритилган. 2006 йилга келиб, Техасда синов майдончаси сотиб олингач, одамлар компания ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлди. Ким ОАВни бошқарса, жамиятни ҳам бошқаради, деганларидек, кўплаб миллиардерлар сингари Жефф Безос ҳам 2013 йилда “The Washington Post” газетасини сотиб олган.
Узоқ йиллардан буён нефть ёки олтин каби табиий бойликлар қазиб олувчи ёки етказиб берувчилар энг бой одамлардир, деган қарашлар мавжуд эди. Аммо XXI асрга келиб, тенденциялар ўзгарди ва энди интернет ҳамда сунъий интеллект кабилар энг катта бойлик воситасига айланди. Нафақат биз юқорида санаган дунёнинг энг бой уч одами, балки “Forbes” рўйхатининг асосий қисми ҳам ўз бойликларини замонавий сармоялар натижасида қўлга киритган. Шунингдек, таъкидлаш керакки, ўтган йили рўйхатга илк бор сунъий интеллект асосчилари киритилди. Улар яқин келажакда юқори ўринларга кўтарилишига шубҳа йўқ.
Live
Барчаси