ЖЧда ҳижобсиз қатнашган эронлик шахматчига Испания фуқаролиги берилди
Спорт
−
27 Июль 2023
64932022 йилнинг декабрь ойида Қозоғистонда бўлиб ўтган шахмат бўйича Жаҳон чемпионатида ҳижобсиз иштирок этган эронлик шахматчи Сара Хадемга Испаниянинг фахрий фуқаролиги берилди. Бу ҳақда мамлакат Адлия вазирлигига таяниб, CNN хабар берди.
Маълум қилинишича, кеча, 26 июль куни 26 ёшли машҳур эронлик гроссмейстер Сара Хадем (Сарасадат Хадемалшариеҳ)га расман Испания фуқаролиги берилган. У ўтган йили Олмаота шаҳри мезбонлик қилган шахматнинг рапид ва блиц йўналишлари бўйича Жаҳон чемпионатидаги иштирокидан кейин Испанияда яшаб келаётган эди.
Гап шундаки, Хадем мусобақа давомида Эрон ҳукуматининг мамлакатда хотин-қизларнинг ҳижоб ўраши юзасидан киритган мажбуриятларига қарши норозилик фонида бошяланг ҳолатда баҳсларга киришган. Шундан сўнг, Эрон шахмат федерацияси Хадемдан юз ўгирган.
“Хадем чемпионатга Эрон федерацияси орқали эмас, балки мустақил, ўз ҳисобидан борди. У бизнинг мамлакатимизга вакиллик қилмайди”, деган Эрон шахмат федерацияси раҳбари Ҳасан Таминий.
Кейинчалик Сарасадат Хадемнинг Олмаотада бўлиб турган вақтида номаълум шахслар томонидан таъқибга учрагани ҳақида ҳам хабарлар тарқалди.
Маълумот учун, Сара Хадем гроссмейстер унвонига эга бўлиб, Халқаро шахмат федерацияси сайтидаги рейтингида 771-ўринда, Эронда эса 9-ўринда туради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сара Хадем Мадридда Испания Бош вазири Педро Санчес билан учрашгани ва у билан дўстона суҳбатга киришиб, биргаликда шахмат ўйнагани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур учрашувда гроссмейстер бош вазирни мағлуб этишга ҳам муваффақ бўлган.
LiveБарчаси