Жазирама оқибатида зоопаркда 3 та шер нобуд бўлди
World
−
10:12 1958 2 minutes
Япония пойтахтидаги Тама зоопаркида кучли иссиқ оқибатида 3 урғочи шер нобуд бўлди. Мамлакатда рекорд даражадаги ҳарорат сақланиб қолаётган бир пайтда яна 3 арслоннинг аҳволи оғир экани маълум қилинди. Бу ҳақда BBC хабар қилди.
Ҳайвонот боғи маълумотига кўра, бир ҳафта ичида 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган уч урғочи шер ўлган. Дастлабки экспертиза улар кучли сувсизланиш ва кўп аъзолар етишмовчилигидан азият чекканини кўрсатган. Мутахассислар бу ҳолатга асосий сабаб сифатида юқори ҳароратни кўрсатмоқда.
Тама зоопарки вакили Мива Косаканинг айтишича, бундай ҳолат аввал кузатилмаган.
“Бу биринчи марта содир бўлмоқда. Ўтган йили ҳам иссиқ бўлган эди, аммо арслонларимиздан ҳеч бири бундай касал бўлмаган”, деган у.
Зоопарк маъмуриятининг маълум қилишича, 3 ёшли Муги 19 июль куни иштаҳасини йўқотган, эртасига эса оёққа тура олмай қолган. Ходимлар уни совутиш, суюқлик, витаминлар ва дори воситалари билан даволашга уринган, аммо у 28 июль куни нобуд бўлган. 31 июль куни 11 ёшли Ичиго, 3 август куни эса 15 ёшли Луэна ҳам ўлган.
Ҳозирда яна 3 шер – икки эркак ва бир урғочи – тик тура олмаётгани айтилган. Уларга суюқлик, дори воситалари ва витаминлар бериляпти. Шу билан бирга, яна 4 арслонда соғайиш аломатлари кузатилган, 6 та шер эса бошиданоқ соғлом бўлган. Барча ҳайвонлар кўчма кондиционерлар ва саноат вентиляторлари ўрнатилган махсус ҳудудга жойлаштирилмоқда.
Токио университети ветеринария профессори Хидэаки Каракининг таъкидлашича, юқори намлик арслонларнинг тана ҳароратини пасайтиришини қийинлаштиради. Улар одамлар каби терламайди, балки чуқур нафас олиш орқали ҳаво йўлларидаги намликни буғлантиради. Намлик юқори бўлганда эса бу механизм самарали ишламайди. Шунингдек, июль ўрталарида ҳароратнинг кескин кўтарилиши ҳайвонларнинг иссиққа мослашишига имконият бермаган бўлиши мумкин.
Маълумотларга кўра, Японияда бу ёз мавсуми давомида иссиқ уриши сабабли 43 мингдан ортиқ киши шифохонага ётқизилган. Ҳукумат аҳолини эҳтиёт чораларини кўришга чақириб, ишчиларга расмий кийим ўрнига енгилроқ либосларда ишлашни тавсия қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Кениянинг машҳур Амбосели миллий боғида заҳарланиш эҳтимоли билан бир ой ичида 15 та фил ҳалок бўлганди.
Live
All