Жанубий Кореяда ҳарбий разведка бошлиғи ҳибсга олинди
Олам
−
16 Декабрь
3726Жанубий Корея полицияси ҳарбий разведка қўмондонлиги бошлиғи Мун Сан Хо ва ушбу лавозимнинг аввалги эгаси Но Сан Вонни ҳарбий ҳолат воқеалари билан боғлиқ исёнда иштирок этганликда гумон қилиб, ордерсиз ҳибсга олди. Бу ҳақда “Yonhap” хабар берди.
Қайд этилишича, Мун Сан Хо ҳуқуқ-тартибот органларининг эътиборини тортган, чунки ҳарбий разведка қўмондонлиги ходимлари 3 декабрь куни ҳарбий ҳолат эълон қилингандан икки дақиқа ўтиб, Марказий сайлов комиссияси биносига етиб келган. Полиция генерали улар воқеадан аввалдан хабардор бўлган ва ҳарбийларни юбориш ҳақида буйруқ берган бўлиши мумкин, деб ҳисобламоқда.
Жанубий Корея мухолифатининг фикрича, Мун Сан Хо ва Но Сан Вон ҳарбий ҳолат ҳақидаги фармон матнини тайёрлашда, шунингдек, умумий тайёргарликда иштирок этган. Но Сан Вон собиқ мудофаа вазири Ким Ён Хёнг билан яқин алоқада бўлган деб тахмин қилинмоқда. Ҳуқуқ-тартибот органлари фикрига кўра, Ким Ён Хёнг ушбу режани амалга оширишнинг асосий ижрочиси бўлган.
Шунингдек, прокуратура ҳарбий контрразведка қўмондонлиги бошлиғи Ё Ин Хённи ҳам ҳибсга олган. У собиқ мудофаа вазири ва президент Юн Сок Ёль билан бир мактабда ҳар хил даврда ўқиган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сеул прокуратураси собиқ мудофаа вазири Ким Ён Хёнгни Президент Юн Сок Ёль қисқача ҳарбий ҳолат эълон қилганидан кейин давлатга хиёнат қилганликда айблаб, тергов давомида ҳибсга олган эди. Кейинчалик Ким Ён Хёнг ўзи сақланаётган тергов изоляторида жонига қасд қилишга уринганди.
Жанубий Кореянинг лавозимидан четлатилган президенти Юн Сок Ёль эса жорий йилнинг 18 декабрь куни махсус терговчилар гуруҳи томонидан сўроққа чақирилади.
LiveБарчаси