Жанубий Корея собиқ мудофаа вазири тергов изоляторида ўзини ўлдиришга уринди
Олам
−
09:15
3877Жанубий Корея собиқ мудофаа вазири Ким Ён Хёнг ўзи сақланаётган тергов изоляторида жонига қасд қилишга уринди. Бу ҳақда “Yonhap” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, собиқ вазир ўз жонига қасд қилишда ички кийимидан фойдаланган. Муваффақиятсиз уринишдан сўнг Ким ҳимоя камерасида сақланмоқда.
“Ҳозирда унинг соғлиғи барқарорлигича қолмоқда”, дейди Ахлоқ тузатиш маркази раҳбари Шин Ёнг Хе парламент эшитувида.
Маълумот учун, 65 ёшли собиқ мудофаа вазири Ким Ён Хёнг 4 декабрда истеъфога чиққан, у Президентнинг Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат жорий этиш қарорини очиқчасига қўллаб-қувватлаган. Баъзи маълумотларга кўра, айнан Ким бу қарорнинг ташаббускори бўлган.
Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат
Жорий йилнинг 3 декабрь куни кечқурун Президент Юн Сок Ёль кутилмаган тарзда Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат жорий этди, аммо бир неча соат ўтгач, кучли сиёсий қаршилик сабабли уни бекор қилди. Бу 1980 йилларнинг охирида мамлакат демократияга ўтганидан бери Жанубий Кореяда биринчи марта ҳарбий ҳолат жорий этилиши эди.
7 декабрда парламентда Президентга қарши импичмент жараёнини ишга туширишга уриниш муваффақиятсиз якунланди. Овоз беришдан олдин деярли барча ҳукмрон партия депутатлари йиғилишни бойкот қилиш учун мажлисни тарк этди. Натижада қарор қабул қилиш учун зарур бўлган кворумга фақат 195 нафар парламент аъзоси овоз берди. Шунинг учун Юн Сок Ёль ҳозирча давлат раҳбари лавозимида қолмоқда.
Шу куни кечқурун парламент биноси олдида тахминан 100 минг киши тўпланиб, Президентнинг истеъфосини талаб қилиб норозилик билдирган. Оппозиция Юн Сок Ёлни конституцияни бузганликда айбламоқда.