Жанубий Кореянинг собиқ мудофаа вазири ҳибсга олинди
Олам
−
08 Декабрь
3885Жанубий Кореянинг Сеул прокуратураси собиқ мудофаа вазири Ким Ён Хёнгни Президент Юн Сок Ёль қисқача ҳарбий ҳолат эълон қилганидан кейин давлатга хиёнат қилганликда айблаб, тергов давомида ҳибсга олди. Бу ҳақда “Yonhap” хабар берди.
Хабарга кўра, Кимнинг мобил телефони тортиб олинган ва собиқ вазир Сеул шарқидаги тергов изоляторига жўнатилган.
Жанубий Корея қонунчилигида агар оғир жиноят содир этилган деб тахмин қилиш учун асос бўлса ёки далилларни йўқ қилишга уриниш бўлиши мумкинлигидан хавотир бўлса, гумонланувчилар ордерсиз ҳибсга олиниши мумкинлиги қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Корея Мудофаа вазири Ким Ён Хёнг ҳарбий ҳолат жорий этиш режаси билан жамоатчилик хавотирини юзага келтиргани учун узр сўраши ва истеъфога чиқиши ортидан унинг ўрнини мамлакатнинг Саудия Арабистонидаги элчиси Чхве Бён Хёк эгаллаганди. Собиқ армия генерали ўз фаолияти давомида жуда кўплаб юқори мартабали лавозимларда иш олиб борган.
Кеча, 7 декабрь куни Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёлга импичмент эълон қилиш бўйича мамлакат парламентида етарли овоз йиғилмагани боис жараён бекор қилинди. Қайд этилишича, Миллий ассамблея спикери Ву Вон-шик Юн Сок Ёлга импичмент эълон қилиш бўйича овоз бериш бошланганидан тахминан уч соат ўтиб, жараённинг тугаганини эълон қилган. Унга кўра, импичмент ҳаракати етарлича овоз берилмагани сабабли бекор қилинган. Ҳукмрон “Халқ кучи” партиясининг кўпчилик аъзолари овоз бермасликни танлаган. Бу эса импичмент жараёни тўхташига асосий сабаб бўлган.