Жанубий Корея Президентининг мамлакатдан чиқиши тақиқланди
Олам
−
09 Декабрь
1840Бугун, 9 декабрь куни Сеулда бўлиб ўтган парламент қўмитаси йиғилишида Жанубий Корея Адлия вазирлиги мамлакат Президенти Юн Сок Ёлга мамлакатни тарк этишни тақиқлади. Бу ҳақда “Yonhap” хабар берди.
Тақиқ Президентнинг қисқача ҳарбий ҳолат эълон қилгани бўйича олиб борилаётган тергов билан боғлиқ. Унга кўра, юқори мансабдор шахслар ўртасидаги коррупция ҳолатларини тергов қилиш бошқармаси бошлиғи томонидан тегишли буйруқ берилган.
Ўз навбатида, Жанубий Корея Миллий полиция агентлиги қошидаги Миллий тергов штаб-квартираси раҳбари Ву Жонг Су мамлакат Президенти сўроққа чақирилиши мумкинлигини айтди, чунки бунинг учун ҳеч қандай чекловлар йўқ. Унинг қўшимча қилишича, полиция терговни қонун ва принципларга мувофиқ ва ҳеч қандай истисноларсиз олиб бормоқда. Полиция ишни ҳал қилиш учун 150 га яқин терговчидан иборат махсус гуруҳни ишга туширган.
Бир кун аввал Жанубий Кореяда собиқ мудофаа вазири Ким Ён Хёнг давлатга хиёнат қилгани учун ҳибсга олинган эди. Ким президентнинг Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат жорий этиш ҳақидаги қарорини очиқ қўллаб-қувватлаган. Баъзи маълумотларга кўра, айнан у бу қарорнинг ташаббускори бўлган.
Жорий йилнинг 3 декабрь куни президент Юн Сок Ёль Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат эълон қилганди. У бу қарорини Шимолий Корея кучлардан ҳимояланиш билан изоҳлаганди. Жанубий Кореянинг мухолиф “Тобуро” демократик партияси мамлакат президенти Юн Сок Ёлдан ҳарбий ҳолат эълон қилгани учун истеъфога чиқишни талаб қилганди. Сал ўтиб эса Жанубий Корея Президенти мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этиш қарори учун халқдан узр сўраб чиққанди. Шундан сўнг, 7 декабрь куни Президентга импичмент эълон қилиш масаласи мамлакат парламентида етарли овоз йиғилмагани боис жараён бекор қилинганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Кореянинг коррупцияга қарши кураш органи Президент Юн Сок Ёлни фитнага алоқадорликда айблаб, ҳибсга олишга рухсат бергани ҳақида хабар берилганди. Прокуратура аввалроқ давлат раҳбарига ушбу иш бўйича гумондор мақомини берганди.