Жаҳонгир Улуғмуродов иши: суд яна танаффус эълон қилди
Жамият
−
15 Июль 2023
6336Telegram’даги 10 кишилик гуруҳга тақиқланган нашид юборгани учун 3 йилга озодликдан маҳрум қилинган Жаҳонгир Улуғмуродовнинг иши бўйича суд танаффус эълон қилди. Бу ҳақда адвокат Абдумалик Абдуллаев маълум қилди.
Қайд этилишича, кеча, 14 июль куни Тошкент вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида Жаҳонгир Улуғмуродовга нисбатан бўлган жиноят иши бўйича апелляция инстанцияси судининг навбатидаги мажлиси бўлиб ўтган.
Маълум қилинишича, суд тергови тамомланиб тарафларнинг музокараси эшитилган. Судлов ҳайъати процессуал тартибга кўра, апелляция шикояти берган ҳимоячиларга биринчи бўлиб сўз берган. Шундан сўнг, давлат айбловини қувватлаётган прокурор нутқ сўзлаган.
“Албатта, прокурор нутқига нисбатан эътироз билдириш ҳуқуқидан фойдаланиб, айблов томон ўз айбловини асослаб бера олмаганлигини қарши асослар келтириб, исботлаб бердик. Ҳимоя томон буни уддалай олди, деб ўйлаймиз. Буни залда янграган муносабатдан ҳам билса бўлади”, деган адвокат.
Суд Жаҳонгир Улуғмуродовга музокара сўзини бериб эшитган ва охирги сўзини эшитишни кейинги суд мажлисига қолдирган.
Навбатдаги суд мажлиси жорий йилнинг 17 июль куни соат 14:00 га белгиланган. Шундан кейин суд қарор чиқариш учун маслаҳатхонага киради.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳонгир Улуғмуродовга Жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман судининг 2023 йил 8 майдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “г” банди билан Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўллаб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
LiveБарчаси