Жээнбеков Ўзбекистон билан чегарадаги вазиятни муҳокама қилди
Олам
−
18 Август 2020
14290Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков бугун, 18 август куни Қирғизистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Акрам Мадумаров билан онлайн-мулоқот қилиб, Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегарадош Боткен вилоятидаги вазият хусусида суҳбатлашди.
Боткен Қирғизистоннинг жануби-ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, у 1999 йилда Ўш вилояти таркибидан ажралиб чиққан ва вилоят мақомини олган. Вилоят ҳудудида 3 туман, 4 шаҳар, 5 шаҳарча ва 189 қишлоқ, 30 овул ҳукумати мавжуд. Вилоят маркази Боткен шаҳри.
Вилоят жануби-ғарбий ва шимоли-ғарбида Тожикистон, шимолида Ўзбекистон, шарқида Ўш вилояти билан туташган. Вилоят ҳудудида бошқа давлатларга тегишли бир қанча анклавлар мавжуд. Майдони 17, 0 минг км2 ёки республика ҳудудининг 8,5% ни ташкил қилади. Аҳолиси 401,3 минг киши. Бу ерда асосан қирғиз, ўзбек, тожик ва турк миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади.
Охирги вақтларда Боткен Қирғизистоннинг энг можароли ҳудудларидан бири бўлиб турибди. Бир неча бор Тожикистон билан чегара ҳудудида аҳоли ва чегарачилар ўртасида тўқнашув содир бўлди, қон тўкилди.
Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Сўх тумани Чашма қишлоғи аҳолиси ва Қадамжой туманидаги Чечма қишлоғи аҳолиси ўртасида рўй берган тўқнашув эса муроса йўли билан ҳал этилди.
Президент Жээнбеков Бош вазир ўринбосари билан мулоқотда коронавирус пандемияси ва чегаралараро ҳамкорликни ривожлантириш контекстида мамлакатнинг чегара хавфсизлигини таъминлаш чоралари, шунингдек, Боткен вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларини муҳокама қилган.
Бош вазир ўринбосари Акрам Мадумаров ушбу йўналишларда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берган.
Қайд этилишича, Қирғизистонда давлат чегараси участкаларида турли хил нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида маҳаллий ҳокимият органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан биргаликда аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Онлайн-мулоқотда яқин кунларда ўзбек ва тожик томонлари билан Бош вазир ўринбосарлари даражасида музокаралар ўтказилиши режалаштирилгани айтилган.
Президент Сооронбай Жээнбеков коронавирус пандемияси шароитида қирғиз-ўзбек ва қирғиз-тожик чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукуматлараро комиссия фаолиятини кучайтириш муҳимлигини таъкидлаган.
У қўшни халқлар ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш учун халқ дипломатияси усулларидан кенг фойдаланиш муҳимлигини таъкидлаган.
Давлат раҳбари аҳолиси қийин аҳволда яшаётган Боткен вилоятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш зарурлигини айтган.
У бюджет танқислигига қарамай, Боткен вилоятини ривожлантириш бўйича барча дастурларни режалаштирилган молиялаштириш тўлиқ ҳажмда давом этишини урғулаган.
“Боткен вилоятига алоҳида эътибор бериш керак. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, суғориш иншоотларини қуриш ва реконструкция қилиш, мактаблар, шифохоналар, йўллар, тиббиёт муассасалари, логистика марказларини қуриш бўйича барча муҳим ижтимоий-иқтисодий дастурларнинг амалга оширилишига халақит бермаслик керак”, дейди Президент Сооронбай Жээнбеков.
Ўзбекистон тарафи эса аллақачон Боткен билан чегарадош Сўх туманини ривожлантириш бўйича ҳаракатни бошлаб юборган.
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ушбу қарор билан 2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди. Жорий йилнинг 12 август куни мамлакат Бош вазири Абдулла Арипов яни Сўх туманига бориб, аҳоли вакиллари, тумани фаоллари билан учрашди.
Президент қарори билан белгиланган Давлат дастурида Ўзбекистон – Қирғизистон Ҳукуматлараро комиссиялар учрашувларида Давлат чегаралари делимитация масаласини ҳал этиш, Фарғона вилоятининг Риштон туманидан Қирғизистон ҳудудидан ўтувчи Сўх туманига автомобиль йўлини очиш масаласини ва Қирғизистон ҳудудидаги яйловлардан фойдаланиш масаласини кўриб чиқиш белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 12 август куни Сооронбай Жээнбеков ҳам Боткен вилоятига ташриф буюриб, чегарачилар билан суҳбатлашганди.
LiveБарчаси