Зеленский ва Путин учрашуви: Кремль нимани кутаётганини маълум қилди

Олам 6436
image
-

Ҳалигача Россия Федерациясига Украинадан Президентлар Владимир Зеленский ва Владимир Путиннинг учрашуви бўйича таклиф келиб тушмаган. Кремль аниқ ташаббуслар расмий ёки иш тартибида бўлишини кутмоқда. Бу ҳақда Россия Президентининг Матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилган.  

"Ҳеч бўлмаганда иш тартибида ёки расмий равишда бизга аниқ таклифлар айтилиши керак. Ҳозирча эса ҳеч нарса йўқ - на кун тартибида, на бошқа нарсада", дея қайд этган Песков. 

Унинг қўшимча қилишича, Москва "баъзи бир аниқ таклифлар олинишини кутмоқда". 

Аввалроқ, Украина Президенти Владимир Зеленский Ватиканни Россия Президенти Владимир Путин билан учрашиш учун идеал жой деб билиши ҳақида хабар бергандик.  

Эслатиб ўтамиз, 21 апрель куни Украина Президенти Владимир Зеленский Россия Президенти Владимир Путинни ҳарбий ҳаракатлар кетаётган Донбассда учрашишга таклиф қилганди.  

Путин бунга жавобан ҳар қандай қулай вақтда икки томонлама муносабатларни Москвада муҳокама қилишга тайёрлигини эълон қилганди.  

Кейинчалик, Украинанинг собиқ Президенти, Донбассдаги можарони ҳал қилиш бўйича алоқа гуруҳидаги Украина делегациясининг амалдаги раҳбари Леонид Кравчук Зеленский Москвага бормаслигини айтганди.  

Маълумот ўрнида, сўнгги ойларда Россия ва Украина ўртасидаги муносабат совуқлашиб бормоқда. Бунга бир томондан Украинанинг НАТО ҳарбий блокига қўшилиш йўлидаги ҳаракатлари, иккинчи томондан эса Россиянинг бевосита Украина билан чегарасига 100 мингдан ошиқ қўшин тўплагани сабаб бўлмоқда.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 189
Рейтинг: 2.9
t
×