Зеленский Путин билан қаерда учрашишни хоҳлашини айтди
Олам
−
28 Апрель 2021
8336Украина Президенти Владимир Зеленский Ватиканни Россия Президенти Владимир Путин билан учрашиш учун идеал жой деб билади. Бу ҳақда Украина раҳбари "la Repubblica" нашрига маълум қилган.
Зеленский Россия Федерацияси Президенти билан Донбассдаги тинчлик жараёнини муҳокама қилмоқчи.
"Бу ҳар жиҳатдан энг мақбул жой бўлиши мумкин. Ватикан ҳақиқатан ҳам тинчлик тўғрисида мулоқот қилиш учун идеал жой", деган Владимир Зеленский.
Хабарда айтилишича, ҳозирда Украина ва Россия Президентларининг учрашуви ўтказиладиган жой масаласида бошқа режалар мавжуд эмас.
Аввалроқ, Зеленский учрашув жойи муҳим эмаслигини таъкидлаганди.
Эслатиб ўтамиз, 21 апрель куни Украина Президенти Владимир Зеленский Россия Президенти Владимир Путинни ҳарбий ҳаракатлар кетаётган Донбассда учрашишга таклиф қилганди.
Путин бунга жавобан ҳар қандай қулай вақтда икки томонлама муносабатларни Москвада муҳокама қилишга тайёрлигини эълон қилганди.
Кейинчалик, Украинанинг собиқ Президенти, Донбассдаги можарони ҳал қилиш бўйича алоқа гуруҳидаги Украина делегациясининг амалдаги раҳбари Леонид Кравчук Зеленский Москвага бормаслигини айтганди.
Маълумот ўрнида, сўнгги ойларда Россия ва Украина ўртасидаги муносабат совуқлашиб бормоқда. Бунга бир томондан Украинанинг НАТО ҳарбий блокига қўшилиш йўлидаги ҳаракатлари, иккинчи томондан эса Россиянинг бевосита Украина билан чегарасига 100 мингдан ошиқ қўшин тўплагани сабаб бўлмоқда.