Зеленский Оқ уйда: АҚШ ва Украина иккита масала бўйича баёнот имзолади

Олам 4119
image

АҚШ Президенти Жо Байден кеча, 1 сентябрь куни Украина Президенти Владимир Зеленский билан Оқ уйда музокара ўтказди.  

Икки йил тайёргарлик кўрилган АҚШ-Украина саммити Афғонистон бўйича маслаҳатлашувлар туфайли бир кунга қолдирилганди. Учрашувда Байден АҚШ Россия тажовузига қарши Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини таъминлашга қатьий содиқлигини таъкидлаган. 

“Бугун биз АҚШ Украинани демократик ислоҳотлар дастурида олдинга силжишда қўллаб-қувватлашда қандай давом этиши мумкинлигини муҳокама қиламиз”, деган Байден музокаралар бошланишидан олдин. 

Шу нуқтаи назардан, Президент Байден хавфсизлик масалалари, иқтисодий ҳамкорлик ва COVID-19 билан кураш чораларини таъкидлаган. 

Владимир Зеленский АҚШ Президентига таклиф учун миннатдорлик билдирган ва Украина, хусусан, Донбассдаги муаммолар, шунингдек, Россия билан маҳбуслар алмашинуви масалаларига тўхталган. 

Жо Байден билан суҳбатдан кейин Владимир Зеленский қонун чиқарувчилар — Конгрессдаги Украина гуруҳи аъзолари ва АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин билан учрашувлар ўтказган. 

Пентагон раҳбари Президент Зеленскийни Украина мустақиллигининг 30 йиллиги билан табриклаган, шунингдек “Россия тажовузига қарши” украин халқини қўллаб-қувватлашини билдирган. 

АҚШ маъмуриятининг юқори лавозимли амалдорларига кўра, Зеленскийнинг Вашингтонга ташрифи “АҚШнинг Украина суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва Евроатлантик интилишларига содиқлигини” намойиш этиш учун мўлжалланган. 

Ўтган ҳафта Байден маъмурияти Конгрессга Киевга қўшимча 60 миллион долларлик хавфсизлик ёрдами, шу жумладан ҳарбий ракеталар, Javelin танкга қарши тизимлари ва мудофаа тизимларини юборишини маълум қилганди.

Маъмуриятга кўра, АҚШ ҳукумати бу йил Украина шарқидаги Россия билан зиддиятдан зарар кўрган одамларни қўллаб-қувватлаш учун 45 миллион долларлик гуманитар ёрдам ҳам тақдим этади. 

Таъкидланишича, ушбу мулоқотда иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича бошқа ташаббусларни кўриб чиқиш, шунингдек “Шимолий оқим-2” лойиҳаси таъсирини минималлаштириш бўйича саъй-ҳаракатлар орқали энергия хавфсизлигига инвестицияларни жалб қилиш каби масалалар муҳокама қилинган.

АҚШ Энергетика вазирлигига кўра, икки мамлакат расмийлари энергия ва иқлим масаласида ҳамкорлик қилиш ниятида баёнот имзолаган. 

Шунингдек, музокаралар давомида Украинанинг НАТОга қўшилиши масаласи ҳам муҳокама қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Украина Президенти Владимир Зеленский 31 август куни АҚШга келганди.  

Маълумот ўрнида, Зеленский 2019 йил кузда расмий ташриф билан АҚШда бўлиб, БМТнинг Бош ассамблеясида сўзга чиққан ва АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп билан учрашганди. Бироқ, Зеленский ҳали Оқ уйда бўлмаганди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 105
Рейтинг: 3.1
t
×