Зеленский Байденнинг чақириғига биноан АҚШга етиб келди
Олам
−
31 Август 2021
9533Украина Президенти Владимир Зеленский бугун, 31 август куни АҚШга келди. Бу ҳақда Зеленскийнинг идораси матбуот хизматига асосланиб хабар берилган.
“Зеленский ва биринчи хоним Елена Зеленская ишчи ташриф доирасида, Жозеф Байденнинг таклифига биноан Вашингтонга келди. Кун тартибида икки давлат раҳбарларининг яккама-якка ва кенгайтирилган делегациялар таркибидаги учрашувлари бор”, дейилган хабарда.
Украинанинг АҚШдаги элчиси Оксана Маркаровага кўра, давлат раҳбари 31 август ва 1 сентябрь кунлари Вашингтонда бўлади, шундан сўнг Калифорнияга боради ва у ерда америкалик ишбилармонлар билан музокара олиб боради.
Таъкидланишича, ташриф давомида расмийлар билан мулоқот ўтказилади ва турли ҳужжатлар имзоланади. Ташриф дастури бир неча кунга мўлжалланган бўлиб, Шарқ ва Ғарб соҳилларининг турли шаҳарларини қамраб олади.
Аввалроқ, музокараларда “Зеленскийнинг коррупцияга қарши курашиш ва умумдемократик қадриятларига асосланган ислоҳотлар дастурини амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлари” Вашингтон томонидан қўллаб-қувватланиши муҳокама қилиниши ҳақида хабар бергандик.
Маълумот ўрнида, Зеленский 2019 йил кузда расмий ташриф билан АҚШда бўлиб, БМТнинг Бош ассамблеясида сўзга чиққан ва АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп билан учрашганди. Бироқ Зеленский ҳали Оқ уйда бўлмаган.
LiveБарчаси