Оқ уй Байден ва Зеленскийнинг учрашуви санасини маълум қилди
Олам
−
22 Июль 2021
3395АҚШ Президенти Жо Байден ва Украина Президенти Владимир Зеленский жорий йилнинг 30 август куни АҚШда учрашади. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки хабар бермоқда.
“Ушбу ташриф Донбасс ва Қримда давом этаётган Россия тажовузи шароитида АҚШ Украинанинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, шунингдек энергетик хавфсизлик бўйича яқин ҳамкорликни доимий равишда қўллаб-қувватлашининг исботи бўлади”, дейди Жен Псаки.
Матбуот котибининг таъкидлашича, 30 август куни бўлиши кутилаётган музокараларда “Зеленскийнинг коррупцияга қарши курашиш ва умумдемократик қадриятларига асосланган ислоҳотлар дастурини амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлари” Вашингтон томонидан қўллаб-қувватланиши муҳокама қилинади.
Хабарга кўра, июнь ойида Байден ва Зеленский телефон орқали суҳбатлашганлар. Суҳбат давомида Америка Президенти Зеленскийни АҚШга таклиф қилган. Кейинчалик, Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Зеленский ва Байден ўртасидаги учрашув июль ойи оҳирига режалаштирилганлиги маълум қилинган.
Қайд этиш керакки, Киев жорий йилнинг 16 июнь куни Зеленский ва Владимир Путиннинг учрашувидан олдин Байден билан музокара ўтказишни режалаштирганди.
Маълумот ўрнида, Зеленский 2019 йил кузда расмий ташриф билан АҚШда бўлиб, БМТнинг Бош ассамблеясида сўзга чиққан ва АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп билан учрашганди. Бироқ Зеленский ҳали Оқ уйда бўлмаган.
LiveБарчаси