Зеленский Каховка ГЭСига борди
Олам
−
08 Июнь 2023
10029Бугун, 8 июнь куни Украина Президенти Владимир Зеленский Херсон вилоятига бориб, Каховка ГЭСи тўғони портлаши оқибатларини бартараф этиш бўйича мувофиқлаштирувчи йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида ёзган.
“Кўплаб муҳим масалалар мавжуд: табиий офат оқибатида юзага келган тезкор вазият, аҳолини сел бўлиши мумкин бўлган ҳудудлардан эвакуация қилиш, тўғон портлаши оқибатида юзага келган фавқулодда вазиятни бартараф этиш, сув босган ҳудудларда ҳаётни ташкил этиш. Шунингдек, минтақа экотизимини янгилаш истиқболлари ва техноген фалокат зонасидаги оператив ҳарбий вазият масалаларини ҳал қилиш керак”, деб ёзган Зеленский.
Украина раҳбари йўқотишларни ҳисоблаш ва табиий офатдан жабр кўрган аҳолига товон пули тўлаш учун маблағ ажратиш, зарарни қоплаш ёки Херсон ичидаги корхоналарни кўчириш дастурини ишлаб чиқиш муҳимлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, 6 июнь куни эрталаб Украинанинг вақтинчалик Россия томонидан эгалланган Херсон вилоятидаги Каховка ГЭСи тўғон портлаши оқибатида вайрон бўлганди. Бунинг оқибатида аҳоли яшаш пунктлари сув остида қолди ва Херсон вилоятида фавқулодда ҳолат жорий қилинди. БМТ Хавфсизлик кенгаши ҳам мазкур масалани кўриб чиқди. Киев ва Москва станциядаги портлашда бир-бирини айблади. Россия Тергов қўмитаси Каховка ГЭСи вайрон қилиниши бўйича жиноий иш қўзғатди. НАТО, Европа Кенгаши ва Германия эса портлашда Россиянинг қўли борлигини айтди. Россия ТИВ вакили Мария Захарова Украина ГЭСга ҳужум қилишни режа қилганини олдиндан билганини билдирди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь