Зеленский чегара ҳудудларида дрон учиришни тақиқлади
Олам
−
31 Июль 2023
8395Украина Президенти Владимир Зеленский учувчисиз самолётларнинг чегара зонаси устидан учиб ўтишини тақиқловчи ва қонунбузарликлар аниқланса, Қуролли кучлар ва полицияга уларни уриб туширишга рухсат берувчи қонунни имзолади. Бу ҳақда Олий Рада депутати Ярослав Железняк маълум қилди.
“Президент дронлардан ноқонуний фойдаланишга қарши курашиш ҳақидаги “Украинанинг айрим қонун ҳужжатларига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланиш ва уларни ноқонуний ишлатишга қарши курашиш бўйича ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги № 8185 қонун лойиҳасини имзолади”, деб ёзди у ўзининг Telegram-каналида.
Ҳужжатга кўра, чегара чизиғи, кириш-чиқиш пунктлари, шунингдек, Давлат чегара хизмати объектлари устидан ҳар қандай учувчисиз самолёт парвозларини амалга ошириш тақиқланади. Украина Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.
Украина Хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия ва полицияга учувчисиз самолётлар эгалари томонидан Украина ҳаво ҳудудидан фойдаланиш тартиби ва қоидалари бузилишининг олдини олиш, аниқлаш ва бостириш, шу жумладан учувчисиз ҳаво кемасининг парвозини мажбуран тўхтатиш ваколатлари берилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ пойтахт Киев, шунингдек, Запорожье, Харьков ва Днепропетровск вилоятларига ракета ва ҳужумчи дронлар билан зарба берилганди. Россия пойтахти Москвага эса 24, 28 ва 30 июль куни дронлар ҳужуми уюштирилди.
LiveБарчаси