Ўзбекистондаги мактабларда зўравонликнинг олдини олишга қаратилган лойиҳа старт олди
Жамият
−
25 Февраль 2019
117302019 йилдан бошлаб умумий ўрта таълим мактабларида зўравонликни олдини олиш мақсадида янги лойиҳалар амалга оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Жумладан, “Мактабларда зўравонликни олдини олиш ва ижобий психологияни ўқитиш методикаси” лойиҳаси ўтказилиши режага киритилган.
Мазкур беш ойлик лойиҳани амалга оширишда АҚШлик профессор Лори Вульф иштирок этади. Профессор АҚШда ижобий психология соҳаси мутахассиси, бир қатор илмий нашрлар ва профессионал тақдимотлар муаллифи. Вульф хоним болалар ва ўқитувчилар ўртасида стрессни бошқариш, шунингдек, болаларда стресс ҳолатини аниқлашга ихтисослашган эксперт. Лори Вульф АҚШнинг турли таълим муассасаларида фаолият юритган.
Лойиҳа мактабларда ўқувчиларнинг эмоционал ҳолатини аниқлаш ва ижобий психология методини ўқитиш орқали буллингни олдини олиш ва унга қаршиликни оширишга қаратилган.
2019 йилнинг июль ойига қадар позитив психология методи Тошкент шаҳридаги тўртта мактабда ҳамда Нукус, Бухоро, Самарқанд ва Намангандаги Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказларида синовдан ўтказилади.
“Асосий эътибор юртимиздаги мактабларда руҳий тушкунликка тушган болаларни аниқлаш, шунингдек, ўқитувчи ва психологлар учун ташкил этилган тренинг ва машғулотлар орқали стрессни енгиб ўтишига кўмак беришга қаратилади. Шу билан бирга, лойиҳа ўқитувчиларга ҳам стресс ва ишдан “совиш” ҳолатларини олдини олишда ёрдам беради”, дейилади Халқ таълими вазирлиги ахборотида.
Мазкур лойиҳа доирасида иштирокчилар имтиҳон пайтида ва ҳаётларида стрессни енгиб ўтишга қаратилган тренинг, семинар ва турли машғулотларда иштирок этадилар.
Лойиҳа муваффақиятли амалга оширилса ижобий психология методи Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказларининг ўқитувчилар ва психологларини ўқитиш дастурларига жорий этиш режалаштирилган.
Январь ойида Вазирлик ЮНЕСКО билан ҳамкорликда умумий ўрта мактабларда зўравонликни олдини олиш лойиҳасини амалга оширишни бошлади. Лойиҳа 2019-2020 йилларда амалга оширилади ва зўравонликни олдини олишга бағишланган ўқув материлларини Ўзбекистон шароитига ва қонунчилигига мослаштирилади. Лойиҳада европалик мутахассислар иштирок этиши режалаштирилган.
LiveБарчаси
Асад ҳокимияти ағдарилди.
08 Декабрь