5 км лик синов. Эшакда бошланадиган илм йўли
Таҳлил
−
21:17 534 3 дақиқа
Мактабга эшакда қатнайдиган болалар
Ҳар куни Ўзбекистонда миллионлаб болалар мактабга йўл олади. Кимдир бир неча бекат автобусда боради. Кимдир ота-онасининг машинасида қатнайди. Кимдир бир неча юз метр масофада яёв юриб боради. Самарқанд вилоятининг Олмасувон қишлоғида эса болалар ҳар куни эшакларда мактабга қатнайди.
“Бу қишлоқ Олмасувон дейилади, “Бургансой” МФЙга қарайди. Биз шу ердан ҳар куни эшак билан тепага қатнаймиз. У ерда боғимиз бор, боққа борамиз. Асосан, чорвачилик билан шуғулланамиз. Бу қишлоқда қиладиган бошқа иш йўқ.Ҳар куни мана шу йўлдан эшак билан қатнаб турамиз. Эрталаб кетамиз, кечга яқин қайтиб келамиз. У ерда боғимиз, токзоримиз бор. Ток экканмиз. Ҳозир олдинда эшакда кетаётган одамнинг хуржуни бор, мен ҳам ўша томондан майиз олиб келяпман”, дейди ушбу қишлоқда яшовчилардан бири.
Бу болалар учун дарс – мактаб эшигидан бошланмайди. Уларнинг асосий синови йўл. Мактабга етиб бориш ҳам бир машаққат. Олмасувон – Каттақўрғон туманининг тоғли ҳудудларидан бири. Қишлоқлар бир-биридан тарқоқ жойлашган. Айрим ички йўллар сўқмоқлардан иборат. Эрта тонгдан мактаб ўқувчилари гоҳо эшакда, гоҳо пиёда йўлга чиқади. Маҳалий аҳолининг сўзларига кўра, бу йўлларда эшакда юриш велосипед ҳайдашдан анча қулайроқ.
Тошкентда ёки катта шаҳарда 4–5 километр фақат рақамдек эшитилиши мумкин. Аммо бу ерда болалар учун ҳар бир километр йўлнинг ўз номи ва ўзгача хотираси бор. Шу қишлоқда яшовчи аҳолининг сўзларига кўра, йўлнинг айрилиш қисмига келганда 5–11 синф ўқувчилари 84-сонли мактабга пастга тушадиган йўл орқали кетади. бошланғич синф ўқувчилари эса сўқмоқлар орқали ушбу мактабнинг филиали томон йўл олади.
“Тепада 3 та қишлоқ бор: Қўшмозор, Йилқайдар ва Тўлали. Мактабдаги 113 нафар ўқувчининг 47 нафари тепадаги қишлоқлардан келади. Яъни ўқувчиларнинг қарийб 50 фоизи юқоридан қатнайди.Дарслар соат 9:00 да бошланади. Чунки 5–6 километр узоқликдаги қишлоқлардан келадиган ўқувчилар ҳам бор. Об-ҳаво инжиқлигига қарамай, қорли ёки ёмғирли кунлар бўлса ҳам, ўқувчилар ва ўқитувчилар шу қишлоққа келишади”, дейди мактаб директори.
Йўл давомида мактабдан сўнг ота-онасига ёрдамлашаётган, тоғдан оғир юкни эшакка ортиб келаётган мактаб ўқувчиларига кўзимиз тушди.
Камера қаршисида бизнинг саволларимизга тортиниб жавоб берган Амина оиланинг учинчи фарзанди. У синглиси Имона билан ҳар куни дарс қилади.
Тўғри, ўзбекнинг мехмондўстлиги, меҳмон келса тўрдан жой бериб ўзининг уйида бор энг яхши ноз-неъматларни дастурхонга тўкиб сочиши ҳикоя, мақол, халқ оғзаки ижодида тўлиб тошган. Бу гапларнинг исботини эса мана шу ерда, яъни биз меҳмон бўлган хонадонларда ҳам кўрдик.
Кимлар учун фақат сўнги қўнғироқ байрамидагина эсга тушадиган бу овоз мактабда ўқувчиларга дарс тугаганидан дарак бериш учун ҳар соатда жонли тарзда чалинади.
Қишлоқда кечқурун бизни меҳмон қилган хонадон эгалари ҳам бу ерларда алоқа йўқлиги сабабли қўшнилар билан умуман телефонда гаплашиб бўлмаслигини айтишди. Уларнинг сўзларига кўра, бирор фавқулодда вазият юз берса ёки тўй-ҳашам бўлса, қўшниларни хабардор қилиш учун ҳар бир хонадонга алоҳида бориб чақиришга тўғри келади.
Қишлоқ аҳолисининг сўзларига кўра, болалар мактабга етиб боргач, узоқ йўлда уларнинг доимий ҳамроҳи бўлган бу уловларни сой бўйидаги дарахтларга боғлаб қўйишар экан. Болаларнинг айтишича, бу жой эшаклар учун “парковка” деб аталар экан.
Эшак миниб, мактабга бориш – бугун пайдо бўлган анъана эмас, қишлоқ оқсақоллари ҳам бу усул авлоддан авлодга ўтиб келаётган ечим эканлигини айтди. Улар ҳам болалигида мактабгача бўлган 15 километрлик масофани доимо эшакда босиб ўтганини эслади.
Ҳа, бу олмақишлоқдаги аҳолининг кундалик турмуш тарзи шундай. Соат 05:00 лар атрофида тонг отади. Келажакда Улуғбек президент, Давлатбек аскар, Амина ўқитувчи, Фурқат эса шифокор бўлиш учун эртага яна мактабга йўл олади.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь