Зангиотада 10 минг ўринли 2 та вирусология шифохонаси қурилмоқда

Жамият

image

Тошкент вилояти Зангиота туманида 10 минг ўринли 2 та вирусология шифохонаси қурилмоқда. Яқин кунларда ушбу шифо масканларидаги 2 мингта ўрин ишга туширилади. Бу ҳақда бугун, 3 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев маълум қилди. 

Йиғилишда қайд этилишича, бугунги кунда мамлакатда 100 минг киши карантинга олинган. Шунингдек, чет элдан салкам 13 минг фуқаро олиб келиниб, улар ҳам тўла карантинга олинган. 

“Тошкент вилоятида 10 минг кишини қабул қилишга мўлжалланган карантин зонаси барпо этилмоқда. Унинг дастлабки бир қисмига хориждан келган 2 минг 200 дан ортиқ фуқароларимиз жойлаштирилди.

Ҳозирги кунгача 245 мингта тест, 700 мингга яқин ҳимоя воситалари олиб келиниб, даволаш муассасаларига етказилди. Бу ишлар яна давом эттирилмоқда.

Диагностика, даволаш, карантин ишларини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари ҳамда илғор хорижий тажрибаларга таяниб амалга оширмоқдамиз. Шунингдек, Жанубий Кореядан малакали шифокорлар келиб, ўз тажрибалари билан беморларни даволашда қатнашмоқда. Яқин кунларда бир гуруҳ хитойлик мутахассислар ҳам етиб келиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, врачларимиз хорижий ҳамкасблари билан мунтазам видеомулоқотда бўлиб, кундалик тажриба алмашмоқда.

Таъкидлаш керакки, амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирларимиз, албатта, ўз натижасини бермоқда. Касалликка чалинганларнинг 25 нафари тўлиқ соғайиб, реабилитацияга ўтказилди.

Фурсатдан фойдаланиб, бу курашнинг олдинги сафларида чинакам жасорат ва матонат кўрсатаётган жонкуяр ва олижаноб шифокорларимизга чуқур миннатдорчилик билдираман”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача коронавирусга чалинганлар 221 нафарга етди. Уларнинг 25 нафари даволанди, 2 нафари вафот этди.

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев коронавирус Коронавирус Ўзбекистонда юқумли касалликлар шифохонаси

Баҳолаганлар

98

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг