“За деньги да” қўшиғига ўйнаган директор ва ўринбосарларга огоҳлантириш берилди
3-саҳифа
−
14 Март 2023
29346Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Яккасарой туманида жойлашган мактаблардан бирида директор ва унинг ўринбосарларининг "За деньги да" қўшиғига қалбаки доллар сочиб ўйнаган видеоси тарқалди. Уларга нисбатан огоҳлантириш берилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, юқоридаги ҳолат юзасидан Яккасарой туман халқ таълими бўлими мудири томонидан ҳудудддаги 91-мактаб директори ва унинг ўринбосарлари билан суҳбат уюштирилган.
Аниқланишича, мазкур ҳолат 8 март – “Халқаро хотин-қизлар куни” муносабати билан ҳазиломуз тариқасида олинган ва мактаб ўқитувчилари томонидан байрам муносабати билан устозларга намойиш қилинган.
Мактаб директори ва ўринбосарларига ҳолат бўйича тушунтириш ишлари олиб борилиб, бу каби ҳолатлар бошқа қайтарилмаслиги бўйича жиддий огоҳлантириш бериб ўтилган.
Эслатиб ўтамиз, аввал ҳам ишбу тренддаги қўшиққа Чилонзор туманидаги мактабда 4 нафар қиз видео тайёрлаб чиққанди. Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармаси қизларнинг ҳаракатларини ўз ёшига мос келмаган ва одоб-ахлоқ қоидаларига зид эканини билдириб, уларнинг ота-оналари билан профилактик суҳбат ўтказган.
Бироқ кўпгина ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари қизларнинг хатти-ҳаракатлари ҳеч қандай одобсизлик эмаслигини, бунинг учун уларнинг ота-оналари узр сўраганини танқид қилганди.